Ўзбекистон | 21:20 / 22.01.2018
44684
4 дақиқада ўқилади

Кўприкда тўхташ мумкин ва мумкин эмас: Навоийдаги ҳайдовчиларни чалғитувчи йўл белгилари

Фуқароларнинг KUN.UZ таҳририятига мурожаатлари юзасидан юрт кезмоқдамиз. Мамлакатимизнинг йўлларининг катта қисми таниш ҳам бўлиб қолди, очиғи. Йўллардаги ҳолат ва вазиятлар ҳам эътиборимиздан қолмаяпти. Бухоро вилоятига бораётганимизда Навоий вилояти ҳудудидан ўтаётганимизда йўл белгилари билан боғлиқ бир ҳолат эътиборимизни тортди...

Навоий шаҳридан чиқиб, М37 йўли бўйлаб Бухоро томон юрсангиз — Дўрмон аҳоли пунктидан чиқиб, “Маликработ” маҳалласи ва Навоий халқаро аэропортига яқинлашаётиб темир йўл устидан ўтган йўл ўтказгич кўприкдан ўтасиз. У ерда иккита тақиқловчи белги кетма-кет турибди. Кўприкда қувиб ўтиш (3.20) ва тўхташ (3.27) тақиқланган. Бу белгилар йўлнинг ҳар икки тарафида ҳам ўрнатилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Зукко ўқувчи, гап нимадалигини дарҳол тушунди. Гап йўл белгилари остидаги қўшимча ахборот белгилари ҳақида.

7.1.1 йўл белгиси манзилгача бўлган масофани билдиради. Бу белги йўлнинг хавфли жойигача бўлган масофани, йўл ҳаракатига тегишли чекловлар киритилган жойни ёки ҳаракат йўналиши бўйича олдинги муайян жойни кўрсатади.

Яъни, тақиқловчи йўл белгиларига қўшимча ўрнатилган ахборот белгиларига кўра, қувиб ўтиш белгиси 1000 метргача, тўхташни тақиқловчи белги 1500 метргача амал қилиниши даъво қилинмоқда.

Аммо бу қўшимча ахборот белгилари хато ўрнатилган. Чунончи, сиз йўл ўтказгич устида қувиб ўтолмайсиз, бунга йўл белгиси эмас, йўл ўртасидаги узлуксиз чизиқ монелик қилади. Бироқ кўприк устида бемалол тўхташингиз мумкин ва ЙПХ ходими сизга нисбатан баённома расмийлаштирса — ноҳақ бўлади. 7.1.1 қўшимча ахборот белгисига кўра, ушбу тақиқловчи белги 1500 метр масофадан кейин кучга киради.

Белги ўрнатилган жойдан бошлаб таъсирга эга бўлиши учун 7.2.1 йўл белгиси — таъсир оралиғини кўрсатадигани ўрнатилиши керак эди. Белгилар бир-бирига ўхшаш, фақат 7.2.1 да масофа кўрсаткичи ёнларида тепага қараган иккита стрелка бўлади.

7.1.1 белгиси эса кўпинча ахборот-ишора белгиси — 5.11.1, қайрилиш жойигача бўлган масофани кўрсатишда ишлатилади.

Фото: Kun.uz

Аслида йўл белгиларига қўшимча ахборот белгилари мана бунақа тарзда ўрнатилиши керак эди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Шундай нотўғри қўшимча ахборот белгилари билан жиҳозланган йўл белгиларига амал қилмаслик оқибатида Жиззах вилоятида ЙПХ ходимлари билан судлашган автомобилист видеоблогер Станислав Капустин томонидан Kommersant.uz сайтида пост эълон қилинган эди. У ЙПХ ходимларининг ноқонуний жаримага тортишлари устидан судга мурожаат қилиб, ғолиб чиққан.

Қуйидаги видеода видеоблогернинг ЙПХ ходимлари билан айнан шу масала устида тортишгани акс этган

Биз мутасадди ташкилотлар ва Навоий вилоят ИИБ ЙХҲ бошқармасидан ушбу йўл белгиларини тез орада тузатиб қўйишларини сўраб қоламиз.

P.S. Худди шундай тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи белги Самарқанддан йўл олиб Жиззах шаҳрига кираверишда, “Желли Гулли” маҳалласидан ўтгандан кейин ўрнатилган.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид