Спорт | 19:00 / 23.01.2018
70722
2 дақиқада ўқилади

Яна 4та гол. Ўзбекистон бу сафар Жанубий Кореяни енгиб финалга чиқди

Бугун — 23 январь куни Хитой мезбонлигида ўтказилаётган 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё Чемпионатида ярим финал беллашувлари бўлиб ўтди. 

Финал йўлида жанубий кореялик рақибларга қарши майдонга чиққан Ўзбекистон U23 терма жамоаси бу ўйинда тўлиқ устунликка эришди.

Ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилгач, жамоалар қўшимча бўлимларда ғолиб номини аниқлашди. Қўшимча бўлимларда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган Ўзбекистон вакиллари яна 3та гол уришди.

Равшан Ҳайдаров жамоасида голларга Забиҳулло Ўринбоев, Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев ва Акром Комилов муаллифлик қилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон финалга йўл олди. 27 январь куни бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи ўйинда ўзбекистонликларни Вьетнам кутмоқда.

Ўзбекистон термаси гуруҳ босқичини Қатарга қарши ўйиндаги мағлубият билан бошлаганди. Жамоа гуруҳдаги кейинги икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди: Хитой ва  Уммон термалари 1:0 ҳисобларида мағлубиятга учратилди. Чорак финалда эса Япония 4:0 ҳисобида таслим этилди.

Осиё Чемпионати U23
Ярим финал

Жанубий Корея — Ўзбекистон 1:4
Голлар: Забиҳулло Ўринбоев, 33 (0:1). Хванг Хюн Су, 58 (1:1). Азиз Ғаниев, 96 (1:2). Жасур Яхшибоев, 109 (1:3). Акром Комилов, 120 (1:4).
Ўзбекистон: Ботирали Эргашев — Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Аббос Отахонов (Дониёр Нарзуллаев, 95), Азизжон Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Жасурбек Яхшибоев, Забиҳилло Ўринбоев, Жавоҳир Сиддиқов (Бобур Абдухолиқов, 113), Достон Ҳамдамов, Достон Турсунов.
Четлатиш: Жанг Юн Хо, 75 (К).

Ўйин статистикаси

Фото: ОФК

 

Мавзуга оид