Ўзбекистон Японияга 4 гол уриб, ярим финалга чиқди
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Чемпионатининг биринчи чорак финал ўйини Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида ўтказилди.
Учрашувдан олдин фаворит саналган японияликлар йирик ҳисобидаги мағлубият аламини тотиб кўришга мажбур бўлишди. Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоа Жасур Яхшибоевнинг дубли ҳамда Достон Ҳамдамов ва Жавоҳир Сиддиқов урган биттадан гол эвазига 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди.
Ўйин тўлиқ Ўзбекистон вакиллари устунлиги остида кечди. Бу устунлик статистикада ҳам акс этган - Ўзбекистон вакиллари ўйин давомида рақиб дарвозасига 18 марта зарба бергани ҳолда, кунчиқар юрт вакилларида бу кўрсаткич 3тага тенг.
Осиё Чемпионати U23
Чорак финал
Япония — Ўзбекистон 0:4
Голлар: Жавоҳир Сиддиқов, 31 (0:1). Достон Ҳамдамов, 34 (0:2). Жасур Яхшибоев, 39 (0:3). Жасур Яхшибоев, 47 (0:4).
Ўзбекистон: Ботирали Эргашев — Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Аббос Отахонов, Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков (Абдужамол Исроилов, 86), Жасур Яхшибоев, Забиҳилло Ўринбоев (Дониёр Нарзуллаев, 82), Жавоҳир Сиддиқов (Бобур Абдухолиқов, 75), Достон Ҳамдамов, Достонбек Турсунов.