Ўзбекистон | 02:10 / 23.01.2018
40779
10 дақиқада ўқилади

Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар фармон билан тасдиқланди

22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича ҳаракат стратегиясини амалга оширишга оид «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»даги Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгиловчи энг муҳим дастурий ҳужжат бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда асосий эътибор «Инсон манфаатлар – барчасидан муҳим» принципи ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» ғоясига ҳаётга татбиқ этилишига қаратилди. Халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинди.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари сифатида 30дан ортиқ қонун ва 900дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, шунингдек, ҳар бир давлат органида ташкил этилган фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича махсус бўлинмалар аҳоли билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилди. 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш, “Электрон ҳукумат” ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш, иқтисодиётга маъмурий таъсирни қисқартириш ҳамда бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, соғлом рақобат муҳити ва қулай инвестиция иқлимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди. 

Суд-ҳуқуқ тизимида судларнинг ҳаққоний мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги одил судловга эришиш даражасини ошириш имконини берди. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда жиноятчиликнинг умумий кўрсаткичи 15,7 фоизга камайишига эришилди, 1,2 минг маҳаллаларда бирорта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Илгари, асосан хавфсизликка хавф-хатар ва таҳдидлар оқибатларига қарши курашиш билан чекланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга ёндашувлар концептуал қайта кўриб чиқилди. Мазкур муаммоларни ҳал қилишда, биринчи навбатда, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва маънавиятини юксалтириш орқали одамларнинг онги учун курашиш устувор вазифа этиб белгиланди. 

Ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган фуқароларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган даврда 1 243 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. 

Иқтисодий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди, энг аввало, Ўзбекистоннинг ўз мажбуриятларини бажариш ва чет эл ҳамкорларининг даромадларини репатриация қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун шарт-шароитларни таъминловчи миллий валюта эркин конвертациясининг жорий этилганлиги бу борада муҳим қадам бўлди. 

Давлат бюджетини шакллантиришнинг тамомила янги принциплари ва механизмлари жорий этилди, унинг даромад ва харажатлари шаффофлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш ва бюджетнинг даромад қисмини кўпайтиришга қаратилган ишга солинмаган захиралардан фойдаланиш чоралари кўрилди. 

Биринчи босқичда – узоқ муддатли (10-15 йилга мўлжалланган) тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, иккинчи босқичда – тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфелларини тузиш, учинчи босқичда – ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришнинг мутлақо янги тартиби тасдиқланди. 

Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар, биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини сақлашни кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилди. 

Шаҳарлар ва қишлоқларда умумий турар жой майдони 3,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган намунавий ва кўп қаватли уйлар қурилди. Турар жой қурилиши ҳажмлари 2010 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошди. 

Халқ билан мулоқот натижалари бўйича 11 йиллик умумий ўрта таълимни қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинди, олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг шаффоф механизмлари жорий этилди 
ва квоталар жиддий равишда оширилди. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. 

Миллатлараро тинчлик ва тотувликни, пухта ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат амалга оширилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилганлиги натижасида қўшни давлатлар билан ишончли муносабатлар йўлга қўйилди, Марказий Осиё ҳудудида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди. 

Фақат ўтган йилда 21 та олий даражадаги ташриф амалга оширилди, 60 та давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, 400 дан ортиқ келишувларга эришилди, 60 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги битимлар имзоланди. 

Шу билан бирга, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот якунлари ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ўтказилган ишларнинг танқидий таҳлили аҳоли фаровонлигининг реал ўсишига ва жойларда ишлар ҳолатининг тубдан яхшиланишига тўсқинлик қилувчи қатор муаммоларни кўрсатиб берди. 

Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш юзасидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида: 

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин: 

давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида – давлат хизматининг нуфузи ва самарадорлигини ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари вазифа ва тузилмасини қайта кўриб чиқиш, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мустақиллигини ошириш, марказий органларнинг айрим ваколатларини маҳаллий ҳокимият органларига ўтказиш, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини, уларнинг сифати ва тезкорлигини тубдан ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; 

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида – фуқаролар шахсий ҳаёти дахлсизлигининг конституциявий кафолатларини, шу жумладан, тинтув ва телефон орқали сўзлашувларни эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссияни ташкил этиш орқали янада мустаҳкамлаш, миллий хавфсизлик органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимларини мобиль видеокамералар билан таъминлаш, патруль хизматининг стационар постлари сонини оптималлаштириш; 

иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида – фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини, солиқ ва божхона сиёсатини, банк-молия соҳасини янада такомиллаштириш, аграр секторни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига имтиёзлар тақдим қилган ҳолда индивидуал имтиёзлар беришдан воз кечиш, ҳудудларни фаол ривожлантириш; 

ижтимоий соҳани ривожлантириш соҳасида – ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, «истеъмол саватчаси»ни аниқлаш, ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш; 

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида – Ўзбекистон Республикасининг янги Миллий хавфсизлик концепциясини қабул қилиш, хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни давом эттириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш. 

Мавзуга оид