22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича ҳаракат стратегиясини амалга оширишга оид «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»даги Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгиловчи энг муҳим дастурий ҳужжат бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда асосий эътибор «Инсон манфаатлар – барчасидан муҳим» принципи ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» ғоясига ҳаётга татбиқ этилишига қаратилди. Халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалда ҳимоя қилинди.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари сифатида 30дан ортиқ қонун ва 900дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, шунингдек, ҳар бир давлат органида ташкил этилган фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича махсус бўлинмалар аҳоли билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилди. 

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш, “Электрон ҳукумат” ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш, иқтисодиётга маъмурий таъсирни қисқартириш ҳамда бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, соғлом рақобат муҳити ва қулай инвестиция иқлимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди. 

Суд-ҳуқуқ тизимида судларнинг ҳаққоний мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги одил судловга эришиш даражасини ошириш имконини берди.