Ўзбекистон | 13:22 / 25.01.2018
10927
2 дақиқада ўқилади

Юқори технологияли лойиҳалар 5 йилгача солиқлардан озод этилди

Фото: Emaze

Бу Президентнинг 22.01.2018 йилдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган.  
 
Norma.uz’нинг ёзишича, қуйидагилар 1.01.2023 йилгача барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан (ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно) озод этилади:

• юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар;
• венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар;
• илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича;
• янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур нормани амалда рўёбга чиқариш учун «венчур фонд», «юқори технологияли лойиҳа-стартап», «янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилот» тушунчаларини ва уларни белгиловчи аломатларни ҳамда тегишли мақомни олиш ва тасдиқлаш тартиби ва солиқ имтиёзларини қўллаш учун муҳим бўлан бошқа мезонларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш зарур. Венчур молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш 2018 йил учун Давлат дастурининг учинчи йўналиши доирасида режалаштирилган (иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш).

Маълумот учун: жаҳон амалиётида венчур фонди (инг. venture – таваккалчилик, таваккалчиликка асосланган ташаббус) деганда юқори даражада таваккалчилик даражасига эга корхоналарнинг қимматли қоғозлари ёки улушларига қўйилмаларни амалга оширувчи инвестиция фонди тушунилади. Қоидага кўра, венчур фондлар инновация компаниялари ёки лойиҳалари (стартаплари) билан ҳамкорлик қилишга йўналтирилган бўлади.  

Мавзуга оид