14:03 / 26.01.2018
33991

Аномал совуқда қандай йўл тутиш кераклигига доир тавсиялар

Фото: Иллюстратив фото

Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Шимолий Қозоғистон орқали Ғарбий Сибирда ҳосил бўлган совуқ ҳаво оқими кириб келиши ҳақида хабар берилди. "Ўзгидромет" совуқ ҳаво ҳарорати меъёрдан 7-12 даражагача пасайиб, об-ҳавонинг аномал совуқ бўлиши кутилаётганини маълум қилди. Шу муносабат билан бўрон огоҳлантируви эълон қилинган. KUN.UZ музлаш белгилари ва аномал совуқда  қандай ҳаракат қилишга доир маълумотларни тўплаб тақдим этишга қарор қилди.

Музлаш белгилари

Узоқ вақт сувда, қорда ёки совуқда қолиш, боз устига маст ҳолатда бўлиш натижасида организм музлаб қолиши мумкин. Қўл бармоқлари ва юзнинг очиқ қисми — ёноқлар, бурун, қулоқларни музлатиб олиш мумкин. Ҳаво ўта совуқ бўлса, оёқ бармоқлари ҳам хавф остида бўлади, айниқса пойабзал сиқса ёки нам бўлса.

"Одатда музлаган киши ўз ҳолатини ҳис қилмайди ва бу ташхис қўйишни қийинлаштиради. Шунинг учун унинг белгиларини билиш муҳим", - дея огоҳлантиришади марказ мутахассислари.

Дастлаб одам совуқни ҳис қилади, кейин — қизийди, аввал тери қизаради, кейин касаллик бошланади. Терининг сезувчанлиги бузилади, увишиш кузатилади.

Музлаш даражалари

Афсуски, аксарият ҳолатларда инсон музлаганда ўз ҳолатини ҳис қилмайди: ҳар доим ҳам даражасини аниқлаб, тўғри қарор қабул қила олмайди, дейишади шифокорлар. Бу вазиятда энг яхши қарор — тиббиёт ходимига мурожаат қилиш.

I даражада терида қизариш ва увишиш кузатилади, терининг зиён етган қисми сезувчанлигини йўқотади, қизийди ва қичишади. Иситиш ва ишқалаш натижасида музлаган тери қизара бошлайди. Биринчи даражали музлаш бир ҳафтадан кейин ўтиб кетади;

II даража тери қатламларига янада чуқур зиён етиши билан кузатилади, терида шаффоф суюқликка эга пуфакчалар пайдо бўлади;

III даражада тўқималар жонсизланади, қайта тикланиш жараёнига тахминан бир ой кетади, жароҳат излари қолади;

IV даражада нафақат тери, балки суяклар ва бўғинларга ҳам зиён етади. Зиён етган тўқималар кўкимтир рангда бўлади, пуфакчалар пайдо бўлади.

Кучли совуқдаги хатти-ҳаракатларга доир қоидалар

  1. Кучли совуқда мутахассислар уйдан фақат тўйимли нонушта ёки тушликдан кейингина чиқишни тавсия қилишади, шунда организм етарлича энергия ишлаб чиқаради;
  2. Совуқда тинмай ҳаракат қилиш керак. Бир жойда турманг! Суяниш ёки совуқ жойга ўтириш мумкин эмас;
  3. Иссиқ кийиниш керак. Бир неча қават, яхшиси табиий матолардан тикилган кийимлар, иссиқ ҳамда қулай пойабзал ва албатта, бош кийим ва қўлқоплар;
  4. Шифокорлар исиниш учун спиртли ичимлик истеъмол қилишни тавсия қилишмайди.
Top