16:10 / 26.01.2018
19269

Туркия ҳарбий кампанияни кенгайтириб, Ироққача бормоқчи

Фото: RT

Туркия Суриядаги амалиётни Манбижгача давом эттириб, Ироқ чегараларигача бўлган ҳудудни курд бўлинмалари жангчиларидан тозалашни мақсад қилган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнотига асосланган ҳолда Reuters агентлиги хабар тарқатди.

«Бизни бу амалиётни тўхтатишга чақираётганларга юзланмоқчиман. Агар сизга қарата ракеталар учириб туришганида, сиз нима қилган бўлардингиз?» — деган Эрдўған Адолат ва тараққиёт партиясининг ҳудудий раҳбарлари қаршисида қилган чиқиши вақтида.

Унинг сўзларига кўра, Суриядаги ҳарбий амалиётлар бу ҳудуддаги охирги террорчи йўқ қилинмагунча давом этади. Туркия раҳбари агар Анқара ўзининг ҳарбий салоҳиятидан тўла фойдаланса, бу амалиётни тезроқ якунлаши ҳам мумкин.

«Анқара Афринни босиб олишни мақсад қилмаган, бизнинг мақсадимиз Афринни террорчилардан озод қилиш ва тинч аҳоли учун яшаш шароитларини яратишдир», деган у.

Туркия 20 январь куни Сурия шимолида «Зайтун бутоғи» номли ҳарбий амалиёт бошлади. Туркиялик ҳарбийларга Сурия мухолифати ҳисобланмиш «Сурия озодлик армияси» ҳам кўмак кўрсатмоқда. Расмий Анқара Суриядаги курд ташкилотларини, хусусан, «Демократик иттифоқ» (PYD) ва Миллий мудофаа отрядларини (YPG) Туркиядаги Курдистон ишчилар партиясининг ҳарбий қанотлари деб ҳисоблайди. Турклар шунингдек, АҚШни «ушбу террорчиларга қурол етказиб бериш»да айблайди.

Мавзу
Туркиянинг Сурияга кириши

Туркия қуролли кучлари Суриянинг Африн минтақасидаги қуролланган курд бўлинмаларига қарши қуруқликдаги ҳарбий операцияни амалда бошлади.

Барчаси
Top