Ўзбекистон | 15:15 / 29.01.2018
57547
5 дақиқада ўқилади

«Ислом Каримов гул совға қилишни хуш кўрар эдилар»

Фото: Facebook/IslamKarimovFoundation

Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан суҳбат эълон қилинди. Унда Татьяна Каримова президент ҳаётига оид баъзи жиҳатларни келтирди.

“Фақат яқинлари кўра олган жиҳатлар хусусида ҳам сўзлаб берсам. Ислом Абдуғаниевич гул совға қилишни хуш кўрар эдилар. Оила қурганимизнинг дастлабки кезларида ҳам, кейинчалик Президент бўлганларидан сўнг ҳам бундан бир олам завқ олардилар. Боғ-ҳовлида сайр қилиб юрганимизда Ислом Абдуғаниевич ҳамиша бирор гуллаган новда ёки чечак топиб, менга туҳфа этар эдилар. Бу хотираларни қалбим тўрида сақлайман... 

Дам олиш кунлари теннис кортидаги машғулотлардан кейин шериклар билан боғ-ҳовлида сайр қилиб юрган пайтларимиз ҳам бўларди. Гоҳида Ислом Абдуғаниевич шериклари уйга борганда ўз рафиқаларига совға қилишлари учун хушбўй шумуртдан ёки ўзлари севган райҳондан гулдаста қилиб берардилар. 

Ҳамиша одамлар кўнглига ёруғлик улашишни истардилар. 

Ислом Абдуғаниевич қўли очиқ инсон эдилар. Умуман, совға улашишни ёқтирардилар. Уйимизда ҳамиша кўплаб сувенирлар бўлар эди. Бизникига меҳмон келиб, кузатаётганимизда қўлларига тушган буюмни ҳадя қилиб юборардилар. Мен олиб қолишни истаган буюмни совға қилиб юборсалар, ранжиган пайтларим ҳам бўлган. Ислом Абдуғаниевич истаганларини туҳфа этиб юборишлари мумкин эди. Муҳими – совға меҳмонга ёқса бас. Бундан эса бир олам мамнуният туярдилар. 

Талабчан, аммо адолатли инсон эдилар. Ўзларига ҳам, атрофдагиларга ҳам талабчан эдилар. У кишининг ҳаёт тарзини, таъбир жоиз бўлса, зоҳидона деб сифатлаш мумкин. Таом тановул қилишда қаноатли бўлиб, асло меъёрдан ошмас эдилар. Бутун умр спортга ошно яшадилар. Ҳамиша яхши спорт формасида бўлишга интилганлар. Ёшликларида кураш билан шуғулланганлар. Ҳаётларининг сўнгги кунларига қадар машқ залига боришни канда қилмаганлар. Қолаверса, сузиш ва теннис билан шуғулланганлар.

Одатда, йиллик меҳнат таътиллари бир ҳафтадан ошмасди, шунда ҳам бу йил бўйи олинадиган икки-уч кунлик қисқа танаффуслар эди. 

Биз ўша кезлар тоққа, Тошкент яқинидаги Қайнарсой масканига чиқардик. У киши маҳаллий манзараларни яхши кўрар, юртимиз табиати гўзаллигини беназир деб ҳисоблар эдилар.

Шифокорларга мурожаат қилишни хуш кўрмас эдилар ва у кишини бирор тиббий кўрикка бориш учун кўндиришим осон бўлмас эди. Бутун фикру хаёллари иш билан банд бўларди.

Ислом Абдуғаниевич табиатни яхши кўрар, борлиқни тинглай олар, ҳис қила билар эдилар. Бу завқни ўзлари ҳис этиб қолмай, ён-атрофидагилар ҳам ундан баҳра олишини истардилар. Ҳатто бундай ҳис-туйғулардан йироқ одамлар ҳам вақт ўтиши билан, қаерда бўлмасин, боғ-ҳовлидами, тоғдами – табиатдаги ўзгаришларни кузатиш, ундан ҳайрат туйишни ўрганди. Айниқса, гуллаган дарахтни кўрганида Ислом Абдуғаниевичнинг кайфиятлари кўтариларди. У киши учун оппоқ пахта каби қийғос гуллайдиган гилос ва олчадан чиройлиси йўқ эди. Дарахтлар кўкламда илк барг чиқарганини кўрганда хурсанд бўлиб кетар, кузда арғувон тусга кирганида эса ҳайратга чўмар эдилар. 

Бир гал бизникига иккита лайлак қишлагани келди, кейинроқ улар сони етмиш-саксонга етди. Лайлаклар нозиктаъб эмасми, Ислом Абдуғаниевич аввало ўзлари қушларга эҳтиёткор муносабатда бўлар ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилар эдилар. Дейлик, биров лайлаклар ёнига бориб уларни қўрқитса, қаттиқ ранжир эдилар. Ахир, улар ўта сезгир ва нафис мавжудотлар-да. Кечки қоронғи осмонда оппоқ лайлакларнинг парвози ҳайратомуз манзара эди, албатта. 

Ислом Абдуғаниевич учун оппоқ қушлар тинчлик, эзгулик, бахту саодат ва осойишталик тимсоли эди. Нафақат ўзлари, балки бутун мамлакат учун лайлаклар ўзига хос рамзга айлангани бежиз эмас. Бу кейинги йилларда бунёд этилган меъморий обидаларда ҳам акс этган. Мамлакатнинг бош майдони кираверишидаги “Эзгулик” аркасини кўриб, бунга амин бўлиш мумкин”.

Мавзуга оид