Қарийб 20 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда чуқур зиддият ҳукм сурди. Икки давлат чегаралари миналаштирилган, сув захираларидан фойдаланиш бўйича даҳанаки тортишувлар одатий ҳолга айланганди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланганди. Хўш, узоқ вақт давом этган ўзбек ва тожик томонлари ўртасидаги ихтилофга сабаб нима бўлганди?

2025 йил 12 феврал куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ратификация қилинди. Албатта, бу охирги йилларда олиб борилган яхши қўшничилик дипломатиясининг катта ютуғидир. Чунки бир неча ўн йиллар Душанбе ва расмий Тошкент ўртасидаги муносабатларда чуқур зиддият ҳукм сурганди. Икки давлат чегаралари миналаштирилган, сув захираларидан фойдаланиш бўйича даҳанаки тортишувлар одатий ҳолга айланганди. Ҳатто қариндошлар даражасидаги борди-келди ташрифлари ҳам ниҳоятда чекланганди. Хўш, узоқ вақт давом этган ўзбек ва тожик томонлари ўртасидаги ихтилофга сабаб нима эди?

Имомали Раҳмон ҳокимиятга келиши

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида қўшни Тожикистон аянчли фуқаролар уруши гирдобига тушиб қолади. Тоғли Қорабоғдан кўчирилган арманларга Душанбеда янги уй-жойлар топширилиши фонида норозилик бошланиб кетади. Бу даврда мамлакатда нон тақчиллиги, шунингдек, шаҳар транспорти тўхтаб қолгани Душанбе ва бошқа шаҳарларда исёнкор кайфиятни кучайтириб юборганди. Шу тариқа, айрим манбаларда 60 минг, айримларида эса 80 минг инсон ҳаётига зомин бўлгани айтиладиган ички этник уруш бошланиб кетади.

Фото: Сергей Жуков/ТАСС

Ўзбекистон ҳукумати қўшни республикада давом этаётган фуқаролар урушида Имомали Раҳмон бошчилигидаги халқ фронтини қўллаб-қувватлайди. Чунки конституциявий тартиб ҳимоя қилинмаса, Тожикистондаги радикаллашган гуруҳлар фаолияти Ўзбекистонга ҳам ёйилиши борасида хавотирлар бор эди. Якунда расмий Тошкент ва Москванинг ёрдами ҳамда аралашуви билан мамлакатда Имомали Раҳмон бошчилигидаги ҳукумат тузилади ва 5 йил давом этган уруш тугайди.