Жаҳон | 23:05 / 01.02.2018
7128
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сланец нефти ҳисобига рекорд натижага эришди

Фото: РИА Новости

АҚШ учун янги нефть манбаи (сланец нефти) нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 10 млн баррелдан кўпроққа етказишга имкон берди.2008 йилда бу миқдор 5 млн баррелни ташкил қилганди. Нефть нархи ошиши АҚШга нефть қазиб олиш бўйича 21-аср учун мисли кўрилмаган рекорд натижани ўрнатишга имкон берди. 

Нефтни қатламни гидроёриш усули билан олиш технологияси собиқ иттифоқда ўтган асрнинг ўрталарида ихтиро қилинган. Бироқ қудуқлардан осон олинувчи нефть сабабли у собиқ иттифоқда кенг тарқалмаган. Бироқ 2006 йилдан бошлаб АҚШда борган сари фаолроқ қўлланмоқда. Бугунги кунда бу мамлакатда олинувчи нефтнинг катта қисми сланец нефтидир. 2014 йилда нефть нархи тушиши сабабли АҚШда сланец нефти қазиб олиш миқдори камайган, бироқ нефть нархи ошиши ва технология такомиллашиши билан уни қазиб олиш ҳажми яна кўпайди. 

АҚШнинг энергетик ахборот агентлиги 2017 йил ноябрь ойи учун якун ясади. Аниқланишича, 2017 йил ноябрда АҚШда нефть олиш ҳажми октябрь ойига нисбатан 4 фоиз ва 2016 йил ноябрига нисбатан 13,1 фоизга ошган. 2007 ва 2008 йил ноябрига нисбатан эса ўсиш 100 фоизни ташкил қилган. Шунинг ҳисобига АҚШда нефть импорти 5 баробарга камайган. Шу сабабли америкаликлар ўтган йили ўзлари қазиб олгандан 4 марта камроқ – кунига 2,5 млн баррель нефть олиб киришган. Ваҳоланки, 10 йил аввал нефть импорти олинаётган нефтдан 2 баробар кўпроқни ташкил қилган.   

Бундай ўсишнинг сабаби нафақат нефть нархининг юқорилиги бўлмоқда. Ўсишнинг бошқа муҳимроқ сабаби нефть олиш самарадорлиги ошишидир. АҚШда ҳеч қачон ҳозиргидек кўп миқдорда сланец нефти олинмаган.

АҚШда сланей нефти олиш ҳажми ошиши дунё бозорида нефть нархининг муқаррар арзонлашишини англатади. Бу эса нефть экспорт қилувчи давлатлар даромадлари камайишига олиб келади. 

 

Мавзуга оид