Light | 21:10 / 01.02.2018
26501
6 дақиқада ўқилади

Кутилмаган муваффақиятнинг келиши Эрнест Хемингуэй мисолида

Ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан муваффақиятга эришиш мумкинлигига ҳануз ишонасизми? XX асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан бирининг тарихи аслида муваффақиятга эришиш йўли қандай кечишини кўрсатиб беради.

1. Ҳатто ҳеч ким сезмаган тақдирда ҳам, ишланг

Эрнест Хемингуэйнинг илк "Қуёш ҳам ботади" романи 1926 йилда нашр этилган ва у америкалик ёзувчига эътироф келтирган. Ушбу автобиографик иш ҳануз унинг ижодидаги энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Хемингуэйнинг уруш мавзусига бағишланган, иккинчи "Алвидо, қурол" романи 1929 йилда чоп этилган. Шундан кейин 30 ёшли Хемингуэй ўз авлодининг энг машҳур ва нуфузли ёзувчисига айланган.

Қандай қилиб Хемингуэй атиги уч йилда эътирофга сазовор бўлишнинг уддасидан чиқди?

Канадалик журналист Малкольм Гладуэлл "10 000 соат" қоидасини шакллантирган ва уни оммалаштирган. Унинг моҳияти қуйидагича: бирор ҳунарни мукаммал эгаллаш учун унга 10 000 соат сарфлаш керак. У онгли тажриба ва унинг унумдорлик ҳамда натижага таъсирини ўрганувчи мутахассис К.Андерс Эрикссон тадқиқоти асосида шу ғояни ўйлаб топган.

Фото: Getty Images

Албатта, 10 000 соатда кўникмаларни орттириш мисли кўрилмаган хусусиятларга эга бўлишга олиб келмайди. Бироқ бу қоидада бир соғлом фикр мужассам: буюк меҳнат маҳсулини яратиш учун сиз кўп меҳнат қилишингиз керак.

Хемингуэй ўзининг ёзувчилик кўникмасини ўнлаб йиллар мобайнида чархлаб борган. У баъзилар ўйлаганидек бир зумда муваффақият қозонгани йўқ. У ўзининг биринчи романини нашрга чиқаришдан аввал полиция репортёри бўлиб ишлаган, турли журналлар ва ўзи учун очерклар, эссе ва ҳикоялар ёзган. Бироқ муваффақиятга эришган ёзувчини кўрганимизда биз унинг қанчалик тиришқоқлик билан ишлагани ва машҳур бўлиш учун нималардан воз кечишга тўғри келгани ҳақида ўйламаймиз.

Маҳорат сари элтувчи йўл машаққатли ва узоқ бўлади. Доим.

2. Аниқ ва мақсадли ишланг

Эндигина клавиатурада ишлашни ўрганаётганимизда клавишларни секин ва онгли равишда босамиз. Секин-асталик билан биз ҳарфларнинг жойлашувига ўрганиб, бармоқларни қаерга қўйиш ҳақида ўйлашни бас қиламиз. Шу тариқа одат шаклланади, мияга когнитив юк пасаяди.

К. Андерс Эрикссон онглиликнинг ишдаги таъсирини шунчаки ўрганмайди. Машинал тажриба мукаммалликка олиб келмайди. Клавиатурадан биринчи ва юзинчи марта фойдаланиш орасида катта фарқ бор, мингинчи ва ўн мингинчи орасида эса — деярли ҳеч қандай. Кўникма диққатни жамлаш ва мақсадли хатти-ҳаракатлар шарти билан ривожланади.

Фото: Getty Images

1935 йилда Esquire журналида Хемингуэй ёш ёзувчиларга маслаҳат берган: "Энг яхшиси, ишлар яхши кетаётганида ва сиз бундан кейин нима бўлишини билганингизда тўхтаган маъқул. Роман ёзаётганингизда ҳар куни шундай қилсангиз, ҳеч қачон бир сюжетда қотиб қолмайсиз".

Ёзувчининг ўзи бу қоидага қатъий риоя қилган. У тасаввури ишлагунча ёзган ва чарчоқни ҳис қилиши билан ишлашдан тўхтаган. Хемингуэй ўйламай ишлашни истамаган.

Муваффақиятга эришиш учун ишга содиқлик зарур, бироқ ҳадеб бир нарсани такрорлайвериб, ҳеч нарсага эриша олмаймиз.

Биз фақат одатий чегараларни ўзгартирибгина такомиллашамиз.

3. Акс таъсирни изланг

1985 йилда Чикаго университети профессори Бенжамин Блум "Ёшларда истеъдод ривожи" номли китобни чоп этган, унда муаллиф 120 нафар ёш фаолиятини таҳлил қилган. Уларнинг бари турли соҳаларда муваффақиятга эришган. Профессор шахмат, мусиқа ва спортда IQ даражаси ва юқори кўрсаткичлар ўртасида боғлиқликни кўрмаган. Бироқ у синов остидагилар қолганлардан интенсивроқ тажриба орттирганига эътибор қаратган. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирида ўқитувчи ва мураббий бўлган.

Акс таъсир — иш ўрганишга 10 000 соат сарфлаб, ҳеч нимага эриша олмаган ва 5000 соатлик меҳнатдан сўнг ўз соҳасида энг яхшисига айланган кишиларни айнан шу нарса ажратиб туради.

Хемингуэй умрининг охирги йилларида ўз ижодига Гертруда Стайннинг таъсирини инкор қилган бўлса ҳам, у ёзувчининг карьерасига сезиларли таъсир кўрсатган. Америкалик машҳур ёзувчи Стайн Хемингуэйдан 25 ёшга катта бўлиб, улар ёзувчи 22 ёш бўлган пайтда танишишган. Аёл унга ўз услубини ишлаб чиқишга ёрдам берган ва кейинчалик унинг ижодига таъсир кўрсатган бошқа ёзувчилар билан таништирган.

Ишни керакли йўналишда олиб бориш учун йўл кўрсатувчи излаш шарт эмас. Баъзи ҳолатларда биз ўзимизга ўзимиз ёрдам беришимиз мумкин. Энг оддий усуллардан бири — ёзиб бориш ва баҳолаш.

Хемингуэй асар устида ишлашни давом эттиришидан олдин бунга қадар ёзганларини қайта ўқиб чиққан. Матнни таҳрирлаш учун ҳаммасини бошидан ўқиган ёки охирги икки-уч бобни кўриб чиққан.

Маҳоратни бошқаларга нисбатан тезроқ чархлашнинг ягона усули — акс таъсирни топиш.

Фото: Getty Images

Эрнест Хемингуэйнинг XX асрдаги энг нуфузли ёзувчилардан бири сифатида машҳур бўлиши тасодиф эмас. У бутун ҳаётини ўз касбига бағишлаган, йиллар давомида эвазига ҳеч нима кутмай, ўз кўникмаларини ривожлантирган.

Онгли тажриба сеҳри шундаки, биз ҳатто буюк истеъдод, керакли генлар ва рағбатлантирувчи шарт-шароитлар йўқлигида ҳам ўз маҳоратимизни назорат қилишимиз мумкин. Биз ўзимиз ўйлагандан-да кўп нарсага қодирмиз.

Энг қийини — хатти-ҳаракатларга ўтиш ва нимани қурбон қилиш борасида бир қарорга келиш.

Мавзуга оид