Ўзбекистон | 13:34 / 04.02.2018
105291
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекэнерго”​ истеъмолчиларга очиқ мурожаат йўллади

Kun.uz таҳририяти аҳоли талаб ва таклифини инобатга олиб, турли ижтимоий масалаларни жамоатчиликка кенг ёритиб бормоқда. Шулар қатори, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш масаласига ҳам кўп марта қайта мурожаат қилинган. Қувонарли жиҳати шундаки, таҳририятимизга энергия узилишидан шикоят қилиб мурожаат йўллаган ўқувчилар камайиб бормоқда. Ҳақиқатан, сўнгги пайтда “Ўзбекэнерго”​ АЖ мутасадди вакилларининг тинимсиз меҳнати билан соҳада бирмунча ижобий ўзгаришлар юз берди. 

Шулардан бири - жамият раҳбарияти ҳамда истеъмолчилар ўртасида қулай ва енгил алоқа канали очилгани бўлди. “Ўзбекэнерго”​ раҳбарияти келгусида сифатли, аниқ ва режали ишларни давом эттириш мақсадида истеъмолчиларга очиқ мурожаат йўллади. 

​"Ассалому алайкум, ҳурматли истеъмолчилар!
Хабарингиз бор, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Бошқарув Раиси раҳбарлигида “Телеграм” ижтимоий мессенжери орқали “Ўзбекэнерго” АЖ билан мулоқот” канали ишга туширилди.

Алоқа каналининг асосий мақсади жойлардаги электр энергияси таъминоти билан бўлган муаммолар, ва таклифларни ўрганиш, керак бўлса, биз билмаган камчиликларни билиб, уларни олдини олишдан иборат. Шу билан бирга халқимизга муносиб хизмат кўрсатишдан иборат.

Яна қўшимча қилиб айтмоқчиманки, бу мурожаатларни (ижтимоий тармоқдаги - таҳр.) тагида бизни “Ўзбекэнерго” жамиятини кейинги куз-қиш мавсумига тайёргарликни ҳозирдан ташкил қилишимиз ва истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар иш режаси бўлиб хизмат қилади.

Сизларга бир мисол айтиб ўтмоқчиман, шу алоқа каналини 2018 йил 23 январь куни 16.00 ларда ишга туширдик.  Ўша куннинг ўзида 4 соат мобайнида 786 та мурожаат келиб тушди.

Бир ўйлаб кўринглар, 4 соатни ичида шунча мурожаат, одамлар буни яхши кунидан ёзгани йўқ, ҳар бирини дарди ичида ва жойларда ҳали қилинадиган ишларимиз кўплигидан далолат беради.

Агар шу дардни, биз олдини олмас эканмиз, бизни ишлашга ҳақимиз йўқ, деб ўйлайман!

Шу сабабли мурожаатларни эрталаб соат 9.00 дан 21.00 гача қилиб белгиладик.

“Ўзбекэнерго” АЖ билан мулоқот канали ишга тушгандан буён жами 9 359 та мурожаат келиб тушган.

Тушган мурожаатлар асосий қисми, яъни

‑84% электр таъминоти узилиши;

‑11% электр ҳисоблагич бўйича қарздорлик;

‑3,8% трансформатор ўрнатиш;

‑0,4% электр таъминотини яхшилаш бўйича қилинган мурожаатлар ташкил қилди.

Келган мурожаатларни ҳудудлар бўйича таҳлил қилсак энг кўп мурожаатлар бу Андижон (11%), Фарғона (11%), Тошкент вилояти (10%), Наманган (10%), Жиззах (8%), Қашқадарё (8%) вилоятларига тўғри келмоқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб Kun.uz ахборот сайти орқали республикамизни узоқ ҳудудларида яшаётган истеъмолчиларимизда электр энергияси таъминоти билан мавжуд муаммо, камчилик ёки таклифларингиз ҳар бирини Бошқарув Раиси билан кўриб чиқиб, ёрдам беришига “Ўзбекэнерго” номидан ишонтираман.

Яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман мурожаатларни “ТЕЛЕГРАММ” ижтимоий мессенжери орқали “Ўзбекэнерго” АЖ билан мулоқот” канали орқали йўллашингиз мумкин.

Ҳурмат билан “Ўзбекэнерго” Бошқарув раиси ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов".

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид