14:46 / 05.02.2018
14993

Январда товар ва хизматлар ўртача 2,7 фоизга қимматлашди

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг биринчи ойи давомида истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 2,7%га ошди, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 3,5%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,3%га ва хизматлар 1,4%га қимматлашган. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак бермоқда.

Маълумот учун: 2017 йилнинг январь ойида товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари 0,8%га, шулардан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,6%га ошган.

2018 йилнинг январь ойида асосий инфляцион омил сифатида озиқ-овқат товарлари нархларининг кўтарилиши сабаб бўлди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Маълумот учун: 2017 йилнинг январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши умумий ИНИ ўсишида 62,8%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 22,0%, хизматлар 15,2% ни ташкил этган.

Юқорида таъкидланганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида ўртача 3,5%га қимматлашиб, бу эса умумий ИНИнинг умумий ўсишига 1,6 ф.д. (фоиз даражаси)да таъсир кўрсатди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ой давомида гуруч 7,5%, сут 5,4%, тирик ва музлатилган балиқ 4,8%, сариёғ 4,4%, тухум 4,2%, қаймоқ 3,7%, манний ёрмаси 2,7%, ловия 2,5%, мол ва қўй гўшти 2,2%, творог 2,1%, қандолат маҳсулотлари ўртача 1,8%, буғдой уни 1,4% ва ўсимлик ёғи нархлари 1,0%га ошган.

Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши асосан одатий ҳисобланган мавсумий омиллар натижасида рўй берди: олма ва ноклар 12,8%, помидор 10,4%, пиёз 8,7%, ошқовоқ 8,6%, бодринг 6,2%, картошка 4,5%, ёнғоқ 3,3%, лавлаги нархлари 1,4%га қимматлашди. Асосий турдаги мева ва сабзавотлар нархининг ошиши баробарида сабзи 4,0%га ва карам маҳсулоти нархлари 0,2%га арзонлашган.

Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари орасида бирмунча барқарор ҳолат кузатилган бўлиб, булар орасида шакар ва парранда гўшти маҳсулотлари нархлари пасайганлиги ҳам қайд этилган (1,0% ҳамда 0,8% га).

Спиртли ичимликлар нархларининг ошиши 2018 йил 1 январдан эътиборан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига нисбатан янги акциз солиқларининг жорий этилиши ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг минимал улгуржи ва чакана сотиш нархларининг қайта белгиланиши билан боғлиқдир.

2018 йилнинг январь ойида республика вилоятларида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари орасидаги фарқ сақланиб қолди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида 2,3%га кўтарилиб, умумий ИНИнинг ўсишига 0,8 ф.д.да ўз таъсирини ўтказди.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб автомобильларга газ тўлдириш шохобчаларидаги пропан ҳамда метан газларининг сотиш нархлари 10,2% ва 11,2%га қимматлашиб, умумий ИНИ ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди.

Полиграфия маҳсулотларининг ўртача 13,9%га кўтарилиши республикада чоп этилаётган босма нашрлар нархларининг қимматлашиши билан ўзаро боғлиқдир (рўзнома, журнал ва китоблар).

Республикада ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларига бўлган актсиз солиқларининг кўтарилиши истеъмол бозоридаги сигарет ва тамаки маҳсулотларининг 8,8%га қимматлашишига сабаб бўлди.

Юқорида номи қайд этилган маҳсулотларнинг нархлари кўтарилмаганида умумий инфляция даражаси 0,2 ф.д.да пастроқ кўрсаткични ташкил этган бўлар эди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Аҳоли учун хизматлар ой давомида ўртача 1,4%га кўтарилди. Бу эса ИНИ умумий ўсишига 0,3 ф.д.да таъсир этди.

Мамлакатнинг айрим ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари хизматлари учун янги тўловларининг жорий этилиши умумий ўсиш суръатига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди (Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятларидаги нархларнинг пасайганлигини ҳисобга олган ҳолда, республика бўйича ўсиш суръати ўртача 11,9%ни ташкил этди).

Манба: Давлат статистика қўмитаси
Top