Жаҳон | 12:44 / 05.02.2018
17431
3 дақиқада ўқилади

Тоғай Мурод китоблари нега чоп этилмаяпти?

- Бизда майин-мулойим адабиётлар бор, майин-мулойим ёзадиган ёзувчилар бор. Улар ҳам яхши, аммо Тоғай Мурод билан солиштирсангиз... У Тўпалангдарёдай жўшқин ёзувчи эди. У жаҳон адабиётини ҳам, фольклорни ҳам яхши биларди. Аммо жаҳон адабиётида ҳам бунақа жўшқинлик йўқ. Унда Эргаш Жуманбулбул ва Абдулла Қодирий фелъетонлари услуби бор эди. У Жеймс Жойсни таржима қилишни орзу қиларди, - дея фикр билдираётган адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров ёзувчининг рафиқаси Маъсума Аҳмедовага юзланди. – Мен ёлғон гапирмаяпманми, Маъсумахон? Ёзувчининг рафиқаси тасдиқ маъносида бош ирғаб, “Тўғри” деб қўйди. Шундан сўнг нотиқ сўзида давом этди: Аммо айтиш керакки, одам сифатида жуда ноқобил эди. Битта гап кўп, яримта гап кам. 

Даврада гуррос кулги кўтарилди. Олим яна сўзида давом этди: -У майдонга тушди, майдоннинг эгаси бўлдию, аммо ўз табиатини енга олмади. У ҳақпарвар инсон эди. 2012 йилда Тоғай Муроднинг тўрт жилдлик сайланмасини тайёрлаб, нашриётга топширган эдик. Ўша йили икки жилди чоп этилди. Аммо, афсуски, мана, олти йилдан буён қолган икки жилди нашр этилмаяпти. Қоғоз йўқ... Бу орада қанча китоблар чиқди, чиқиб йўқ бўлиб ҳам кетди. Тоғай Муроднинг улуғ китоблари-я, одамлар кутиб, ўқийдиган китоблар... Бир мард топилмайди уларни чиқарадиган. 

Бу Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод таваллудининг етмиш йиллигига бағишлаб ўтказилган адабий кечадан лавҳа эди. Адабий кечада таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунослар, чет эллик таржимонлар, адиб ижодининг мухлислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Анчадан буён адабий кечаларда кузатилмаётган бир ҳолат диққатимни тортди. Кутубхона зали Тоғай Мурод мухлислари билан тўлган. Яна кўплар тик оёқда туриб, анжуманни кузатишди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институти талабалари, ёш рассомлар Аббос Туёқов, Жўрабек Боқиев, Нўмон Нурматовлар тадбир давомида ёзувчининг портретини чизиб, суратларни адабий кеча ниҳоясида севимли адибимизнинг рафиқаси Маъсума Аҳмедовага совға қилишди.

Шу ўринда бир хушхабар: тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари Тоғай Муроднинг барча асарлари тўпланган бир китоб тайёрланаётгани, яқин кунларда нашр этилажагини маълум қилди. “Арслон изидан,  йигит сўзидан қайтмайди” деганларидек, умид қиламизки, ёзувчилар уюшмаси бу ниятидан қайтмайди. Қолаверса, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси жойлашган сўлим боғда барча асарларида оддий халқ орзу-умидларини ёзган, ёзганда ҳам рўй-рост ёза олган ҳақпарвар ёзувчимиз Тоғай Муроднинг ҳам ҳайкали ўрнатилса, нур устига нур бўларди. Зотан, юртбошимиз таъкидлаганларидек, халқ ўз ёзувчисини танисин.

Мавзуга оид