Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди
Президент 22 май куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари бугун дунё шиддат билан ўзгараётгани, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётганини таъкидлади. Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик экани қайд этилди.
– Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади, – деди президент.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда мутолаа маданияти ва китобга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омилдир.
Давлат раҳбари улуғ аждодлар – Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшганини қайд этди. Уларнинг юксак марраларга эришишида илмга интилиш ва китоб мутолааси асосий манба бўлган.

Шу маънода, Ўзбекистон халқаро майдонда қудратли ва юксак салоҳиятли халқ сифатида ўзини намоён этиши учун икки мустаҳкам асосга таяниши зарурлиги таъкидланди. Булар – бебаҳо илмий ва маънавий мерос ҳамда замонавий илм-фан ва илғор технологиялар.
Президент ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан ёшларни китобга ошно қилиш, уларда билимга меҳр ва рағбат уйғотишга устувор аҳамият қаратиб келаётганини таъкидлади. 2017 йилдан буён ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови миллионлаб ёшларни китобга яқинлаштирди. “Ёш китобхон оила” танлови эса мутолаа муҳитини ҳар бир хонадонга олиб киришга хизмат қилмоқда.

Маросимда китобхонликни ривожлантириш бўйича халқаро тажрибага ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида 2015 йилда Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум ташаббуси билан бошланган “Араб китобхонлик танлови” дастури бугунги кунда жаҳондаги энг йирик маърифий ҳаракатлардан бирига айлангани қайд этилди. Қисқа вақт ичида ушбу ташаббус 200 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олган.
Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги яқин дўстлик ва стратегик шериклик доирасида ушбу эзгу ғояни миллий маънавий меросимиз асосида юртимизда янги босқичга олиб чиқишга қарор қилинди.
Шу мақсадда “Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури бошланмоқда. Давлат раҳбари ушбу дастурни давлат миқёсида фаол қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида фармойиш имзолаганини қайд этди.

Энди ҳар йили мазкур тадбирнинг финал босқичи президент даражасида ўтказилади. Дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Бу Ўзбекистон тарихида китобхонлик бўйича энг салмоқли мукофот бўлади.
Мазкур ҳаракат мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Унда умумтаълим мактабларининг 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилари иштирок этиши мумкин.
Президент ушбу ташаббус мактаблар, оилалар ва бутун жамиятда китобхонлик муҳитини кучайтириш, ёшлар қалбида янги бунёдкорлик руҳини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлади.

– Мен ушбу дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки жонажон Ватанимиз келажаги учун стратегик инвестиция деб биламан. Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга албатта қодир бўладилар, – деди давлат раҳбари.
Маросимда президент барча ўқувчи-ёшлар, устозлар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликни ушбу умуммиллий ҳаракатда фаол иштирок этишга чақирди.

Китоб ўқиган, билимга интилган ва эзгу маъноларни англаган миллат ҳеч қачон енгилмаслиги таъкидланди. “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган маърифатпарвар аждодларимиз ғоясини бутун мамлакат миқёсида ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
18:37
«Биз бу кунларни 34 йил кутдик» – президент миллий жамоа аъзолари билан учрашувда
17:04
Шавкат Мирзиёев телефон орқали Владимир Путин билан мулоқот қилди
14:31
Шавкат Мирзиёев: БАА билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим
11:17