Жаҳон | 23:43 / 07.02.2018
13197
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик полициячилар жиноятчиларни аниқлаш учун “ақлли” кўзойнаклардан фойдаланишмоқда

Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳридаги вокзаллардан бирида ишловчи полициячилар жиноятчиларни аниқлаш учун юзларни таниш тизимига уланган камерага эга “ақлли” кўзойнаклардан фойдалана бошладилар.

South China Morning Post нашрининг хабар беришича, полициячилар смарт-кўзойнакларни ой тақвими бўйича яқинлашиб келаётган Янги йил (8 февраль) билан боғлиқ тарзда йўловчи оқими ошиши арафасида қўллай бошлаганлар. Полициячилар кўзойнак ёрдамида 6 февралгача қидирувда бўлган 7 кишини ва шахсни тасдиқловчи сохта гувоҳномаларга эга 26 кишини аниқлаб, қўлга олишга муваффақ бўлишган.

Бу кўзойнаклар 2015 йилда LLVision компанияси томондан яратилган GLXSS кўзойнаклари бўлиб, улар ташқи кўринишидан Google Glass кўзойнакларига ўхшайди. Кўзойнак Android’да ишловчи қурилмага уланган бўлади. Қурилма камера томондан қайд қилинган юзларни қоидабузарлар базаси билан солиштиради.

Яқинда Intel ҳам ўзининг Vaunt номли смарт-кўзойнакларини тақдим қилган. Google Glass’дан фарқли равишда, Vaunt камера билан жиҳозланмаган. Кўзойнак линзасидаги дисплей ўрнига маълумотни акс эттириш учун вертикал таралувчи лазер қўлланади. Лазер монохрам тасвирни фойдаланувчининг кўзларидан бирининг пардасига туширади.

 

Мавзуга оид