21:00 / 08.02.2018
30201

Фарғонанинг Риштонида ҳокимлик бозорда тикланган халқ кутубхонасини бузмоқда

Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан танилиб асосан ҳажвия ва ҳикматлар улашувчи риштонлик тадбиркор Дилшод Абдуллаевич Болтабоев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кутубхонасини маҳаллий мансабдорлардан ҳимоялашни сўраб очиқ хат ёзди. Хатнинг матни билан танишинг:

«Ота-онам нафақадалар, мен эса Риштон тумани деҳқон бозорида тунука ва печка маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман. Бозор ҳудудида қонуний жойимда сентябрь ойида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида қарорларингиздан илҳомланиб, бозорга ўз кутубхонамдан китоблар олиб чиқдим, кейин интернетдаги дўстларимга илтимос қилдим. Китоблар ёғилиб кела бошлагандан кейин халқ таълими вазири ўринбосари Алишержон Саъдуллаев ва Риштон туман ҳокими билан суҳбатлашиб, рухсат олиб ўзимнинг дўконимдан 12 кв метр жойига «Акфа» ромларидан қурилиш ишларини бошлаб, 25 кунда замонавий «Рошидоний Халқ кутубхонаси»ни битказдим. Очганимга уч ой тўлган бўлса, китоблар сони 1500 донадан ошди. Ўқилган китоблар ўқувчилари сони 1000 дан ошди.

Бу қурилишга барча юртдошларим Хайрия акцияси қилиб пул беришди, мен эса ҳаммасини шу кутубхонага сарф қилдим.

Кеча Риштон туман ҳокими ёнида ўтириб буйруқ олган қурилиш архитектор бошлиғи тонгда туман ИИБ, Туман ёнғин хавфсизлиги билан чиқишиб «сен ноқонуний қурдинг», деб иззатимга тегишди. «Кечагина ёнларида эшитдингиз-ку, ҳокимнинг гапини», десам ҳам тан олмади. Кейин Риштон туманининг янги ҳокимининг ёнларига кирдим ва 30 миллион сўмдан ошиқ пул сарфлаганимни айтдим, улар «бошқа жойдан жой бериб кредит бераман», дедилар.

Мен бошқа жойга бора олмайман ва у жойни қуришга берилган кредитни тўлай олмайман, гаровга қўйишга ҳеч нимам йўқ. Ҳар куни ўқувчилар китоблар олиб кетишмоқда. Бир кунда 20-25 дона кетади, албатта, бепул тарқатяпман, ёнида дўкончамда савдо қиляпман.

Сиздан илтимос, шу жойим бузилмаслиги учун ўқувчилар ва ўз номимдан ўтиниб сўрайман - бузишмасин. Ҳеч қандай ёнғинга ва ҳоказоларга халақит қилмайди

Риштон тумани ҳокимлигининг ҳеч қандай ёрдамисиз қурган эдим.

Сизнинг сўзларингиз қулоғимда доимо жарангламоқда. «Жаҳолатни маърифат билан енгамиз» деган сўзларингиз. Илтимос, ўтиниб сўрайман кутубхонани бузишмасин. Ёрдам беринг.

Қишлоқда кутубхона бор, лекин шароити йўқ, ҳам узоқлиги учун ҳеч ким бормайди. Мен қурган бепул кутубхона бозор ичида бозорга юмуш билан келган одам олиб кетяпти. Албатта бепул”, — деган ўз хатида Дилшод Болтабоев.

Дилшод Болтабоевнинг бу хати киши ўйга толдиради. Чунки, бу эзгу ишга интернетнинг минглаб фойдаланувчилари ўз ҳиссасини қўшди, кутубхонани бирга қуришди. Энг катта сарф-харажат ва албатта, ҳаракат эса Дилшод Болтабоевнинг ўзидан бўлган. У кутубхона қурилиши босқичларини ўз саҳифасида мунтазам улашиб борган, ундан илҳомланган бошқалар ҳам ўз туманида халқ кутубхонаси бунёд этишга бел боғлаган эди. Ҳокимиятнинг биргина буйруғи билан маърифат тарқатиш умидию, зиё улашиш орзулари чилпарчин бўлишига ачинмайдиган одам бўлмаса керак.

Президент ўз чиқишларида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши ҳамда маърифат масалаларига кўп тўхталади. Чиндан ҳам мамлакатимиздаги энг долзарб масалалардан бири шулар, десак бўлади. Вазиятни қарангки, тадбиркорлик ва маърифатпарварлик мужассамлашган бир шахснинг режалари поймол бўлмоқда. Риштон тумани ҳокимлигидан бу ҳаракатга изоҳ кутамиз.

«Рошидоний Халқ кутубхонаси» суратлари.

Фото: Facebook 

Дилшод Болтабоев Таълим вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев билан

Фото: Facebook 

Дилшод Болтабоевнинг тижорати

Фото: Facebook 

Кутубхона қурилиши

Фото: Facebook 

Ҳокимият томонидан бузилиши белгиланган кутубхонанинг ҳозирги кўриниши.

Top