Ўзбекистон | 18:00 / 09.02.2018
20261
6 дақиқада ўқилади

Касб-ҳунар таълими марказининг асосий вазифалари белгилаб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига шарҳ берилди.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5313-сон Фармонини ижро этиш юзасидан қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

 - тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар билан биргаликда касб-ҳунар таълими соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича ўртача ва узоқ муддатли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ва касб-ҳунар коллежларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарлик қилишни таъминлаш;

 - иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олиб касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғиннинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларини тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

 - юқори профессионал раҳбарлар ва педагог кадрларни танлаш ва улар билан касб-ҳунар коллежларини таъминлаш, уларнинг малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларини тизимли асосда таъминлаш;

 - тизимнинг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш;

 - республикадаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқув-методик ишини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, мувофиқлаштириш;

 - касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнини доимий равишда такомиллаштириш;

 - умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар таълими жараёнини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш.

Шунингдек, Марказ ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати негизида Марказ ҳузурида Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институтини ташкил этиш ва унга қуйидагиларни юклаш назарда тутилмоқда:

 - таълим дастурлари тузилмаси ва мазмунини такомиллаштириш ишларини доимий равишда амалга ошириш, таълимнинг умумий методологияси доирасида уларнинг самарадорлиги ва мослашишини таъминлаш, янги ўқув режалари ва дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни ўқув жараёнига жорий этиш;

 - тизимнинг педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини бошқаришнинг янги вертикалини ташкил этиш.

Шу билан бирга, санъат, маданият ва олимпия захиралари касб-ҳунар коллежларини ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб, мактаб-интернатлари ва ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига айлантириш ҳамда уларнинг битирувчиларига давлат намунасидаги дипломлар бериш назарда тутилган.

Касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари белгиланди.

Кам таъминланган оилалардан ўқувчиларни, идоравий бўйсинишидан қатъи назар, касб-ҳунар (кўп тармоқли) коллежларида бепул ўқитиш тартиби белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

 - икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тўғрисидаги низомни;

 - уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомни;

2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:

 - касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини;

 - касб-ҳунар таълимининг йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторини;

 - касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни, уларнинг эгаллаган касби бўйича ҳудудларда камида уч йил ишлаб бериш учун ишга юбориш тартибини назарда тутувчи низомни;

 - касб-ҳунар коллежларига ўқувчиларни қабул қилиш тартибини тасдиқлаш юкланмоқда.

Ушбу қарордан келиб чиқиб, вазирликлар ва идораларга қуйидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга амалга ошириш тавсия этилган:

 - ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини, қоидага кўра, ишлаб чиқаришнинг идоравий мансуб объектларида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кейинчалик уларда ишга жойлаштириш мақсадида ташкил этиш;

 - касб-ҳунар коллежларини сақлаш, уларнинг харажатларини молиялаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

 - касб-ҳунар коллежларининг ўзини ўзи қоплашини ошириш мақсадида белгиланган тартибда таълим хизматлари кўрсатилишини, фаолиятининг тадбиркорлик, маслаҳатлар бериш, эксперт, ноширлик, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа турлари нийўлга қўйиш.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5313-сон Фармони билан белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, ўрта бўғиннинг иқтисодиётнинг талаблари ва ўзгаришлари ҳамда технологиялар тараққиёти, меҳнат бозорининг тегишли талаблари билан бирга қадам ташлайдиган рақобатбардош, малакали кадрларини тайёрлаш тизимлаштирилмоқда, касб-ҳунар таълими жараёнига вазирликлар ва идоралар, йирик иш берувчилар ва профессионал ҳамжамиятлар жалб этилиши натижасида мутахассислар тайёрлаш самарадорлиги ва сифати ошади.

Мавзуга оид