Шавкат Мирзиёев «Наврўз» истироҳат боғи лойиҳалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманида барпо этилаётган «Наврўз» маданият ва истироҳат боғи лойиҳалари билан танишди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Анҳор бўйида бунёд этилаётган бу боғдаги барча иншоотлар маънавият, миллий қадриятларни ифода этади. Боғда «Наврўз» байрами тантаналари, маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган амфитеатр, қадимий ҳовлилар, устахоналар, айвонлар, чойхоналар ва миллий анъаналаримиз акс этган этнографик шаҳарча қурилади.
«Наврўзда маданият ва қадриятларнинг барча жиҳатлари намоён бўлади. Бу боғ ана шу бой миллий меросни тараннум этадиган жой бўлиши керак. Бу ерга сайёҳлар ҳам иштиёқ билан келиши, ўзини худди ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилиши зарур. Ҳар бир бино, ўтказиладиган ҳар бир тадбир ўсиб келаётган ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўзлигини англашга ҳисса қўшиши лозим», деган президент.
Давлат раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш, Наврўз байрамини халқ сайли тарзида ўтказиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудидаги экопарк ўрнида янги маданият ва истироҳат боғи барпо этилиши ҳақида илк марта ўтган йилнинг январида хабар берилган, ҳудудда қурилиш ишлари бошлангани, бу боғ Наврўз байрами арафасида очилиши айтилганди.
Кейинроқ, ўтган йилнинг апрелида президент ушбу боғ лойиҳасини маъқуллагани, 2018 йилги Наврўз байрами шу боғда нишонланиши ҳақида маълум қилинди.
Мавзуга оид
08:36 / 23.03.2024
Навоийда Наврўз кунлари уруш қаҳрамонлари йўқланди
10:25 / 19.03.2024
Байрамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун қанча ҳарбий хизматчи сафарбар этилиши айтилди
08:31 / 19.03.2024
Тошкентда Наврўз сайиллари ташкил этиладиган ҳудудлар маълум қилинди
07:15 / 16.03.2024