Жаҳон | 08:10 / 12.02.2018
24490
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили бувисининг онаси Сталинни қутқариб қолгани ҳақида сўзлаб берди 

Фото: Википедия

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили бувисининг онаси ўз вақтида Иосиф Сталинни қутқариб қолгани ҳақида сўзлаб берди. У бу ҳақда Facebook’да ёзган. 

“Бувимнинг онаси Тамара Сталинни жандармлардан қутқариб қолгани, отаси – бой саноатчининг уйидан олиб чиққани, Сталин эса бу яхшиликка уларнинг мулкини мусодара қилиш ва отаси ҳамда акасини йўқ қилиш билан жавоб қайтаргани ҳақида сўзлаб берганди”, деб айтган Саакашвили.  

Саакашвили бу воқеани “Сталиннинг ўлими” фильмини томоша қилгандан кейин эслаган. У Россияда тақиқланиши сўралган бу фильмга ижобий баҳо берган. 

Россияда ушбу фильм норозиликларга сабаб бўлган. Бир қатор россиялик сиёсатчи ва маданият арбоблари фильм томошасидан кейин уни прокатдан қайтариб олишни талаб қилишган. 

Жумладан, уларнинг Россия маданият вазири номига ёзган мактубларида Британия киноижодкорлари томондан яратилган фильм “фашизмни мағлуб этган Россия фуқароларининг хотирасини булғаловчи комедия” деб аталган. Шунингдек, актёрларнинг ёмон ижроси, беўхшов декорациялар танқид қилинган. Бундан ташқари, фильмда келтирилган ахборот экстремистик ва инсон қадр-қимматини камситувчи деб баҳоланиши мумкинлиги айтилган.    

Мавзуга оид