Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга нималар тўсқинлик қилмоқда? Туркиялик экспертлар фикри
Ўзбекистон Президенти мамлакатда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб, тегишли қарор ва фармонларни имзоламоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу йўлда тинмай ҳаракат қилмоқда. Чет эллик сармоячи ва ишбилармонлар Ўзбекистонга келиб, бу ерда туризмни ривожлантиришга қўлдан келганича ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришмоқда, бироқ... биз бунга тайёрмизми? KUN.UZ мухбири шу ҳақида сўз юритади.
12 февраль куни пойтахтдаги Wyndham меҳмонхонасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Халқаро Пресс-клуб кўмагида ташкил этилган муҳокамалар доирасида Туркиянинг Анталия, Бурса, Измир, Анқара, Кўния, Қайсери вилоятларининг Маданият ва туризм бошқармалари бошлиқлари, Истанбул шаҳар ҳоким ўринбосари, Туркия саёҳат агентликлари уюшмаси (TURSAB) вакиллари ва қатор компаниялар раҳбарлари иштирок этишди ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини юқори баҳолашди. Улар бугунги кундаги ижобий ўзгаришларни қайд этган ҳолда, туризм ривожи йўлида ғов бўлаётган асосий тўсиқларга тўхталиб ўтишди ҳамда уларни енгиб ўтишга доир маслаҳатлари билан бўлишишди.
Хўш, туркиялик экспертларнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга нималар тўсқинлик қилмоқда?
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" чипталари нархлари юқорилиги
Туризмни ривожлантириш учун шу мамлакат парвозларини амалга оширувчи самолёт чипталари ҳамёнбоп бўлиши керак. Акс ҳолда, мамлакат ичкарисида қандай ҳаракат қилинмасин, ташқаридан сайёҳлар Ўзбекистонга қанчалик интилмасин, чипталар нархининг юқорилиги ҳар қандай сайёҳнинг йўлида катта тўсиқ бўлиб тураверади. Туркиялик экспертлар ҳаво йўлларида рақобатбардошлик бўлиши кераклигига ишора қилишди. У ерда сайёҳлар тайёр турса-ю, бизда шароитлар етарли бўлмаса, бунақаси ҳам кетмайди.
Керакли қонунлар ишлаб чиқилиши
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи қонунлар ишлаб чиқилиши керак, дейди туркиялик экспертлардан бири. Шунингдек соҳани қўллаб-қувватлаш баробарида уни молиялаштириш ва унинг манбаларини таъминлаш ҳам қонун билан белгиланиб қўйилиши кераклиги таъкидланди.
Ҳожатхоналар масаласини ҳал қилиш
Ҳар қанча аянчли бўлмасин, мамлакатимизда бу масалага шу кунга қадар жиддий эътибор қаратилмаган. Бундан аввалги тадбирларда ҳам юртимиздаги ҳожатхоналарнинг тартибсизлиги, уларнинг "ҳидидан топиб борилиши" ҳақида гапирилган. Бу уят бўлса-да, бор муаммо. Юртимизга келаётган сайёҳлар сонини оширмоқчи эканмиз, ҳатто шу каби "майда" жиҳатларга ҳам эътиборли бўлишимиз шарт. Бунга ҳар бир фуқаро масъул бўлиши керак.
Йўл кўрсаткичлари
Бугунги кунда Самарқанд ва Бухоро каби сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойларда йўл кўрсаткичлари мавжуд. Бироқ барча жойларда ҳам бундай эмас. Туркиялик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида бир неча тилда (бутун дунё аҳолисига тушунарли бўлиши учун) йўл кўрсаткичлари ўрнатилиши керак. Бу сўзсиз сайёҳларга енгиллик яратади.
Тезюрар поездлар
Сайёҳлар оқимини оширишда нафақат ҳаво йўллари, балки тезюрар поездлар хизматидан фойдаланиш ҳам катта фойда беради. Шу муносабат билан туркиялик экспертлар Ўзбекистонда тезюрар поездлар сони ва йўналишларини оширишни тавсия қилишди.
Бепул Wi-Fi хизмати
Туркиялик экспертлар Ўзбекистон ҳудудида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда муаммолар мавжудлиги, алоқа кўнгилдагидек эмаслигини қайд этишди. Уларнинг сўзларига кўра, тарихий обидалар ҳудудида бепул Wi-Fi хизмати йўлга қўйилмагани боис, "бу гўзалликлар билан реал вақт режимида бўлишишнинг иложи йўқ". Зеро бугунги технологиялар тараққиёти даврида туризмни ривожлантиришда бирор мамлакат ҳақидаги таассуротлар билан бўлишишда интернетнинг хизмати катта экани сир эмас. Бу йўналишда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги яхши натижа беради. Туризмни ривожлантириш қўмитаси бундай ҳамкорлик учун очиқ эканини таъкидлайди, хусусий сектор вакиллари бироз фаоллик кўрсатсалар бас.
Меҳмонхоналар етишмовчилиги
Туркиялик экспертлар муҳокамалар доирасида бир нарсага эътиборни қаратишди - фақат 5 юлдузли эмас, балки 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналарга катта эътибор қаратиш зарур. Зеро, Ўзбекистонга келадиган сайёҳ энг аввало саёҳати ҳамёнбоп бўлишини истайди. Келадиган сайёҳларнинг иқтисодий имконияти ҳам турлича бўлади, шунинг учун Ўзбекистонда ўртача талабга жавоб берадиган меҳмонхоналарни ҳам кўпайтириш зарур. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқими кўпаяверса-ю, уларнинг жойлашиши учун қулай ва ҳамёнбоп жойлар етишмаса...
Инфратузилма билан боғлиқ муаммолар
Туркиялик мутахассислар Ўзбекистон зиёрат туризми, тоғ туризми, маънавий-маърифий туризм, экотуризм, этнотуризм бўйича катта салоҳиятга эга эканини таъкидлаган ҳолда, бу йўналишлардаги туризмни ривожлантириш учун зарур инфратузилмани йўлга қўйиш кераклигини қайд этишди.
Банк хизмат кўрсатиш шохобчаларининг камлиги
Ана шундай шохобчалар вилоят, шаҳар, туман миқёсида кўпайтирилганда бугунги кунда Ўзбекистон ғазнасига тушаётган пуллар бундан-да кўп бўларди. Масалан, Туркияда биргина кўчанинг ўзида бир неча банкомат хизмат кўрсатади. У ерда ҳеч қандай оворагарчиликсиз пулларни бемалол алмаштириш мумкин. Ўзбекистонда ҳам банкоматлар кўпайтирилиши керак.
Ташкилий масалалар
Бир давлатнинг ривожланиши ва муайян маррага етиб бориши учун мукаммал режа тузиш керак, дейди туркиялик экспертлар. Режалаштиришни тўғри йўлга қўймай туриб, ривожланиб бўлмайди. Режалаштиришда уч йўналишга эътибор қаратиш зарур: инфратузилмани яхшилаш, қурилиш ишларини тўғри йўлга қўйиш ва тарихий объектлар тарғиботи. Шундай экан, ташкилий масалаларда хато қилмаслик муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги муҳокамалар доираси Ўзбекистоннинг туризм йўналишида қиладиган ишлари ҳали кўплигини кўрсатди. Бунда нафақат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, балки юртимиздаги барча идора ва ташкилотлар, вилоят ҳокимликлари, давлат ва хусусий сектор, шу билан бирга барча фуқаролар ҳамжиҳатликда, бир тизим асосида ишлаши керак, меҳнат қилиш керак. Тизимли фаолиятни қанча тез йўлга қўйсак, соҳада шунча тез ривожланиш сезилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Facebook-саҳифаси
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024