Жаҳон | 08:59 / 16.02.2018
23075
3 дақиқада ўқилади

17 кишининг ҳаётига зомин бўлган флоридалик “мерган” айбини тан олди – CNN

Фото: Susan Stocker/South Florida Sun-Sentinel via AP, Pool

14 февралда АҚШнинг Паркленд шаҳридаги мактабда отишма содир этиб, 17 кишининг ҳаётига зомин бўлган 19 ёшли Николас Круз айбини тан олди. Бу ҳақда суд материалларига иқтибос келтирган ҳолда CNN телекомпанияси маълум қилди. 

“Круз ўз иқрорида мактаб ҳудудига AR-15 милтиғи билан кириб, мактабнинг йўлаклари ва хоналарида ўқувчиларни ўққа тутган мерган бўлганини кўрсатган. Круз қўшимча ўқдонларни рюкзагида яширганини айтган”, деб маълум қилди CNN.

“Круз, шунингдек, ўқувчилар қочаётганларида унда милтиқ, ўқлар ва ҳимояловчи жилетдан халос бўлиб, билинмасдан оломон билан аралашиб кетиш режаси пайдо бўлганини тан олган”, деб айтилган хабарда. 

Крузга 15 февралда судда 17 та банд бўйича қотиллик содир этиш бўйича айблов эълон қилинди. Крузга суд тафтиши бошлангунча гаров пули эвазига озодликка чиқиш рад этилган.  

Броуард округи шерифи Скотт Исраэлнинг маълум қилишича, жиноятчи ҳужумдан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан дўконлар, тамаддихоналарда яширинишга уринган. Шерифнинг айтишича, Круз мактабдан қочаётганлар билан бирга чиқиб кетган. Жумладан, у Walmart дўконида, McDonald's ва Subway тамаддихоналарида бўлиб, ўзига ичимлик харид қилган ва McDonald's’дан чиққанда қўлга олинган.

Шерифнинг тахмин қилишича, Крузнинг шериклари бўлмаган. “Биз унинг бундай қилмишини тушунишда ёрдам бера оладиган одамлар пайдо бўлишидан умид қиламиз. Айни вақтда биз унинг шериклари ва бошқа кимнидир қидирмаяпмиз”, деб айтган шериф. У қотил мактабга Uber таксисида келганини, бироқ полиция ҳайдовчини унинг шериги деб ҳисобламаслигини маълум қилган.

Броуард округи мэри Бим Фарр Круз ўтган йил соғлиғидаги руҳий муаммолар сабабли даволанганини маълум қилган. Miami New Times нашрининг таъкидлашича, ўсмирни таниган кўпчилик уни руҳий носоғлом деб ҳисоблаган. Жумладан, у мактабга бир неча марта пичоқ ва ўқ-дорилар олиб келиб, каламушларни ўққа тутган.

Мавзуга оид