Ўзбекистон | 15:13 / 19.02.2018
9279
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Европага 5 миллион долларлик қовунлар етказиб беради

Фото: ЎзА

Германия пойтахтида Fruit Logistica 2018 халқаро кўргазмаси ўз ишини якунлади. Форумда Ўзбекистон компанияси ELMI Ltd. компанияси билан 5 миллион долларлик полиз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. 

Бу йилги тадбирда дунёнинг 80 та мамлакатидан 3 мингдан ортиқ экспонентлар иштирок этди. Кўргазмага 130 дан зиёд давлатдан 75 мингдан ортиқ мутахассис ташриф буюрди, деб хабар беради «Жаҳон» АА.

Fruit Logistica 2018 халқаро кўргазмасида Ўзбекистон миллий экспозицияси UZTRADE АЖ ва бошқа маҳаллий ташқи савдо компаниялари мутахассислари томонидан тақдим этилди. Стенддаги кенг ассортиментда янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, зираворлар, қуритилган мевалар тақдим этилди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Германия, Франция, Ҳолландия, Венгрия, Италия, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг импорт билан шуғулланувчи компаниялари билан учрашувлар ўтказди. Ўзбек қовунларини, кўкатлар, шунингдек, қуритилган меваларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди. Бундан ташқари, бир қатор Европа мамлакатлари ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари билан бизнес ҳамкорлик, мева ва сабзавот ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Корея расмийлари нима учун Ўзбекистон қовунлари экспорти тақиқланганига изоҳ беришди

«Fruit Logistica 2018 биз учун Европа бозорига чиқишга катта имкониятлар очди. Хусусан, ELMI Ltd. Компанияси билан 5 миллион долларлик полиз маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Шуни таъкидлашни истардимки, бундан олдин биз фақат Болтиқбўйи мамлакатлари трейдер компаниялари билан ишлаган бўлса, ҳозирда Германия, Франция, Бельгия ва Европанинг бошқа мамлакатларига тўғридан-тўғри маҳсулотларни экспорт қилиш имконига эга бўлдик», - дея айтиб ўтди UZTRADE вакили Беҳрузхон Сайдуллаев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид