Жаҳон | 10:49 / 21.02.2018
15536
2 дақиқада ўқилади

Раҳмат Оқилов Стокҳольмда одамларни қасддан ўлдирганини тан олди

Фото: Aftonbladet

20 февраль куни Ўзбекистоннинг 40 ёшли фуқароси Раҳмат Оқилов Стокҳольмдаги суд олдида жавоб берди ва ўзига қўйилган айбловларни тан олди. Маҳаллий The Local нашрининг хабар беришича, Оқилов судда юк машинасини олиб қочиши ва одамларга уни ҳайдаб боришидан кўзланган асосий мақсад – «Швеция фуқароларини ўлдириш» бўлганини маълум қилган.

Стокҳольмдаги судга сешанба куни олиб келинган ўзбекистонлик 40 ёшли Раҳмат Оқилов Швеция пойтахтида 2017 йилнинг 7 апрель куни содир этилган терактни амалга оширганликда айбланмоқда. Оқилов Стокҳольм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида одамларни босганча 550 метр юриб ўтган. Полиция маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 15 киши яраланган, 5 киши ҳалок бўлган.  

«Мен Швеция халифаликка қарши курашни тўхтатишини хоҳладим. Улар ҳарбий ҳудудга аскарлар юборишни, урушга маблағлар ажратишни бас қилишларини истагандим», - дея Раҳмат Оқиловнинг сўзларини келтиради Швециянинг The Local нашри.

Оқилов кўрсатма бериб, қилган ишидан пушаймон эмаслигини ошкора кўрсатган. «Мен содир этган ишимдан кўзланган мақсад – мен НАТО коалицияси бомбардимонидан жабрланганлар билан юрагим ҳамда қалбим билан бирга эканимни кўрсатиб бериш эди», - дея айтиб ўтган Оқилов.

Аввалроқ Оқилов ИШИД террорчилик гуруҳига содиқлик келтирганини тан олганди. Бироқ экстремистик ташкилот ўтган йили Стокҳольм марказида содир бўлган теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Терговнинг кўрсатишича, Раҳмат Оқиловнинг теракт вақтидаги хатти-ҳаракатларини Сурияда бўлган тожик жангарилари бошқариб турган, Оқиловнинг йўриқчилари орасида доғистонлик шахс ҳам бўлган.

Суднинг биринчи куниёқ прокурорлар Раҳмат Оқилов учун умрбод қамоқ жазосини сўрашди. Швецияда умрбод озодликдан маҳрум этиш муддати турлича бўлиши мумкин, бироқ ўртача у 16 йилни ташкил этади. Кутилишича, Оқилов иши бўйича суд май ойига қадар давом этади, ҳукм эса июнда чиқарилади.

Мавзуга оид