Жаннат орзусидаги аёл
«Эрингга эътиборли бўлгин, чунки у сенинг учун ё жаннатинг ёки дўзахингдир». Азиз муслима опа-сингиллар, мурожаатимиздан англадингизки, бу мавзуимиз сиз азизларнинг оиладаги ўрнингиз, аёллик ва оналик вазифаларингизни нечоғлик тўла-тўкис адо этиш билан, кўнглингизда пайдо бўладиган икки дунё саодатидан умидворлик ҳисси устида бўлади.
Маълумки, оила ҳам жамиятнинг кичик бир бўлаги бўлиб, унда аёлнинг ўрни беқиёсдир. Аёл оиланинг фариштаси, сарамжон-саришта уй бекаси. Аёл жисмонан эркакларга нисбатан заиф бўлса ҳам, оиланинг юкини кўтара олишга қодир. Аммо унинг кўнгли нозик ва таъсирчан бўлгани сабабли шунча юкни кўтарган аёл эри ва оила аъзоларининг салгина қўпол муомаласи ёки оиладаги бирор вазият юзасидан берган танбеҳини кўтара олмаслиги мумкин. Чунки аёл оиладаги беҳисоб ташвишлар ва уй-рўзғор юмушларидан чарчаши туфайли шундай ҳолатга тушиши табиий. Бундай вазиятда эри уни тўғри тушунган ҳолда хотинига нисбатан яхши муносабатда бўлиши лозим. Чунки оиладаги муносабатлар икки тарафлама бўлиб, эркак ва аёлнинг ўзаро мослашувига асосланади. Шунинг учун ҳам эр-хотинлик муносабатлари бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва оиладаги ўринларини тўғри англашлари асосида шаклланади. Бунда, айниқса, аёлнинг эрига итоатли ва оила аъзоларига гўзал муносабатда бўлиши муҳим ўрин тутади. Аёл кишининг эрига итоаткорлигини опа-сингилларимиз тўғри англаб етишлари ва бунга амал қилишлари ҳақида шариатимизда кўплаб тавсиялар берилган. Улардан энг асосийлари эрнинг аёли устидаги ҳақ-ҳуқуқлари бўлиб, булар жумласига амали солиҳ ишларда унга итоат қилиши, эрининг мол-мулкини асраб-авайлаши, эр-хотинликдаги нозик муносабатларда ўта ҳушёр бўлиши, эрининг истагини ҳеч қачон рад қилмаслиги кабилар киради.
Аввало, муслима опа-сингилларимиз шуни яхши англаб олишлари керакки, Ислом динида аёлнинг эрига итоат қилиши, бу – шариатга итоат қилиши демакдир. Аммо эркак шариатга хилоф ишларни буюрганида, аёлнинг ўз эрига итоат қилмасликка ҳақи бор. Зеро, Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яратганга гуноҳ бўлган ишларда махлуққа (бирон кимсага) итоат қилинмайди», деганлар. (Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
Кўпчилигимиз эр ва хотинлик энг муқаддас инсоний алоқалар эканини яхши биламиз. Аммо бу алоқаларни тўғри йўлга қўйишда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга амал қилиб иш тутишимиз лозим. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг измида бўлади, энди у ота-онасидан кўра кўпроқ эрига итоат этиши лозим. Агар эр тўғри йўлда бўлиб, хотинига нисбатан ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажарса, хотини унга итоатсизлик қилиши гуноҳдир. Аёл эрининг изнисиз, ҳуда-беҳудага уйидан чиқиши жоиз эмас. Аммо зарурият юзасидан, ота-онасининг зиёрати учун, айниқса, бемор ота-онасига зарур бўлиб қолганда чиқишига шаръий жиҳатдан ҳеч қандай монеълик йўқ. Эр-хотинлик муносабатларида шундай ҳолатлар ҳам бўладики, эркак киши аёлининг эҳтиёжларини доим қондириб юради, лекин куни келиб бирор сабаб билан унинг хоҳлаган нарсасини олиб бера олмаса, аёл дарҳол эрининг барча яхшиликларини унутиб: «Сендан нима кўрдим», дейди. Бу аёл кишининг нафақат эрини қадрламаслиги, балки ношукурлик қилиб, эрининг барча яхшиликларидан кўз юмишидир. Бундай ҳолатларда аёлнинг ўйламай-нетмай айтган бир оғиз гапи ҳам, унинг дўзах аҳлларидан бўлиб қолиши учун етарли сабаб эканлиги қуйидаги ҳадиси шарифдан англашилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга дўзах кўрсатилди, қарасам, ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан». Саҳобалар: «Аллоҳни инкор қилганми?» – деб сўрадилар. «Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар буларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса: «Сендан нима кўрдим, ҳеч яхшилик кўрмадим», – деб айтадир», – деб жавоб бердилар.(Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиси шарифларда келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳнинг иродаси билан кўп нарсаларни, жумладан дўзахни ҳам, дўзах аҳлининг кўпи хотин кишилар эканини ҳам кўрдилар. Бу ўринда аёлларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрганлари аччиқ ҳақиқат эканини, буларни очиқ-ойдин айтиш билан аёлларни қилган гуноҳларининг оқибатларидан огоҳлантириб, улар учун қайғураётганларини тўғри англашлари керак. Аммо, муҳтарама аёлларимиз эрлари олдидаги ўз бурчларини нечоғлик тўлиқ адо этишлари натижасида, Қиёмат куни улар қандай мартабаларга эришишлари ҳақида ушбу ҳадиси шарифни ўқиб, беҳад шодланишларини тасаввур қилиш қийин эмас: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини – иффатини (ҳаромдан) сақласа ва эрига итоат қилса, жаннатнинг истаган эшигидан киради» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Дарҳақиқат, бу ерда аёлларга ўз солиҳ амаллари орқасидан жаннатга кириш йўллари баён қилиняпти. Бир қарашда аёлларимизга ушбу ҳадисга амал қилиш унча қийинчилик туғдирмаётгандек туюлади. Бироқ улар намоз ўқиш, рўза тутиш, иффатларини ҳаромдан сақлай олиш каби уч амални бажаришлари мумкин, аммо ҳозирги кунда эрга итоат қилиш синовидан ҳамма аёллар ҳам ўта оляптиларми? Бунга нималар сабаб бўлаяпти? Ахир, бунга замонавий аёлларнинг турли ҳою-ҳавасларга берилишлари, бир-бирлари билан кимўзарга зебу зийнат ва кийим-кечакка ружу қўйишлари, охирги русумдаги автоуловларни минишни орзу қилишлари, фарзандларининг бўлар-бўлмас истакларини сўзсиз бажаришлари, талтайтиришлари сабаб бўлиб, бу билан ўз эрларини қийин аҳволга солиб қўймаяптиларми? Бунинг оқибатида улар эрларининг тўғри йўлдан адашиб, ҳаром ишларга қўл уришларига сабабчи бўлиб қолишлари ҳақида нега мулоҳаза қилиб кўрмайдилар? Баъзи ривоятларда келтирилишича, Қиёмат куни аёл кишидан аввало ўқиган намозларидан ва шундан сўнг биринчи навбатда эрининг розилиги ҳақида сўралади. Бу ривоятдан бехабар бўлган аксарият аёллар, ўз фикрида туриб олиб худбинлик қилиш билан бирга, эрини замонадан орқада қолаётганликда айблаб, унинг фикрлари билан умуман ҳисоблашмаслик йўлига ўтиб оладилар. Ҳатто эрларига ўз ҳукмларини ўтказишга ҳам ҳаракат қиладилар. Бундай хатти-ҳаракатлар эрига итоатсизликнинг очиқ кўриниши эмасми? Бу тоифадаги аёллар эрларининг бўшангликлари ва оила таъминотини эплай олмаётганликлари билан ўзларини оқлаб, оилада ҳукмрон бўлишга ҳам интиладилар. Бундай аёллар итоаткорликни ҳуш кўрмайдилар. Баъзи аёллар, ўз эрларини бошқалар билан солиштириб: «Агар менинг эрим ҳам шундай ақлли ва топармон-тутармон бўлганида эди, мен унга итоат қилган бўлар эдим», деб ўйлайдилар. Бу билан улар эрларини ерга урибгина қолмай, уларнинг эрлик ғурурига ҳам таҳдид соладилар. Бу эса оиладаги эр-хотинлик муносабатларида турли тушунмовчиликлар келиб чиқишига, ҳатто оиланинг бузилишига ҳам сабаб бўлишига кўплаб ҳаётий мисолларни учратишимиз мумкин. Наҳотки аёл учун ўз эрининг топган-тутганига қаноат қилиб, Аллоҳ таолога шукуроналик келтириб, эрининг шаръий талабларига итоатда бўлиш шунчалик қийин бўлса? Ахир, аёлнинг ўз оиласининг тинчлиги йўлида хушмуомала ва итоаткор бўлиши оилани мустаҳкамлашнинг бир воситаси эмасми? Шундай экан, Сиз ҳам қуйидаги ҳадисда келтирилган жаннат аҳлларидан бўлишга ҳаракат қилинг! «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларга жаннатдаги аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, серфарзанд, агар ғазабланса ёки (эри томонидан) хафа қилинса ёки эри ғазабланса: «Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди», дейди» (Табароний ривояти). Қаранг-а, ҳатто ғазабланганда ва хафа қилинганда ҳам, эрининг розилигини тилаб туриш жаннатий аёлларнинг сифатларидан экан. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар аёл эрнинг ҳаққи (қай даражадалигини) ни билганида, тушлик ва кечки овқати ҳозирланганда, то (эри) ундан (еб) фориғ бўлмагунича ўтирмас эди». (Табароний ривояти). Бу ҳадис мазмунидан англашиладики, аёл эрининг хизматини тўлиқ адо этиб бўлмагунча қўним топмас экан. Мазкур ҳадислардан маълум бўладики, эрнинг аёли устидаги ҳақи бениҳоят каттадир. Шариатда эркакнинг аёлидан устунлиги юзасидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шундай ҳадис борки, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар бирон кишини бошқасига сажда қилишга буюрганимда, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим» (Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан аёлнинг эрига ҳақиқий ибодат маъносидаги сажда қилиши эмас, балки эрнинг аёли олдидаги даражаси ва ҳақи қанчалар улуғлигини англаб, таъзим қилиши ва итоаткорлиги тушунилади. Бироқ шу ўринда эркакларимизга ҳам баъзи ҳақиқатларни эслатиб қўйиш лозим. Чунки бу ҳадисни баъзи эркаклар ўзларича нотўғри талқин қилиб, оила аъзоларига, хусусан аёлига жабр-зулм қилиб, уни хўрлаб, аёлни Аллоҳнинг омонати эмас, балки ўз мулки деб тушунадилар. Аммо бу нотўғри тушунча бўлиб, эр оилада зулмкор ҳоким эмас, балки адолатли ва ғамхўр оила раҳбаридир. Агар у раҳбарликни қўлдан бой бериб, ўз масъулиятини ҳис қилмаса, оиладаги нуфузини йўқотади.
Азиз эркаклар! Ахир, биз ўз эркаклик бурчимизни аёллар зиммасига юклаш билан, оиладаги ўз ўрнимизни йўқотмаяпмизми? Зеро, Аллоҳ таоло: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир...» деб марҳамат қилган. ("Нисо" сураси, 34-оят)
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Набий алайҳиссалом: «Барчаларингиз ҳомийсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз. Имом ҳомийдир ва қўл остидагиларга масъулдир. Эркак ўз аҳлига ҳомийдир. Ва қўл остидагиларга масъулдир», дедилар». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Албатта, эркак кишининг энг асосий бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Шунингдек, уларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Муовия Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Расулаллоҳ, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?» – дедим. «Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда (ўрнингни бошқа) ҳижрон қилмайсан», – дедилар» (Абу Довуд ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг (қаттиқ) гуноҳкорлигига кифоя қилади», – деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, оилада аёлнинг ўз бурчларини тўкис бажариши зарур бўлганидек, эр ҳам аёлига марҳамат кўрсатиб, унга ҳадялар бериш, яхши муомалада бўлиш, айрим ножўя ҳаракатларига сабр қилиш, тинч-тотув яшаш каби ҳақларини адо этиши буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар» («Нисо» сураси, 19-оят). Эркакнинг бурчларидан яна бири ҳақида қуйидаги ҳадисда аниқроқ баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли-аёлига яхши муносабатда бўлувчиларингиз ва мен (ичларингизда) аҳли(аёли)га яхшилик қилувчироқман» (Термизий ривояти). Шундай экан, эркак ўз хотинига озор бермаслиги, ундан азият етса кечиримли бўлиб, сабр-қаноат қилиши, унга эътиборли бўлиши ҳам эрлик бурчидир. Аксарият эркаклар ишдан уйига қайтгач, оиласи ва аёлига эътиборли бўлиш ўрнига, телевизор кўриш, телефон титкилаш билан овора бўладилар. Кечгача оила юмушларидан чарчаган аёл, эри билан бир оз суҳбатлашгиси, оилавий масалаларда у билан маслаҳатлашгиси келади. Шундай пайтларда эркак аёлининг кайфиятидан хабардор бўлиб, гоҳи-гоҳида унинг кўнглини олиб, суҳбатлашиб вақтини ўтказиши фойдадан ҳоли эмас. Чунончи, Набий алайҳиссаломдан келган ушбу мазмундаги ҳадисда айтилишича, Қиёмат куни киши ўз аёли билан ўтказган вақти ҳақида савол-жавоб қилинмайди...
Юқоридаги мулоҳазалардан эри билан бахтли ҳаёт кечиришни истаган ҳар бир аёл, эрининг кўнглига йўл топа олиши лозимлиги аён бўлди. Шуни назарда тутган ҳолда динимизда муслима аёлларга дастуруламал бўладиган қуйидаги тавсияларни эслатиб ўтмоқчимиз.
1.Аёл киши эрининг изнидан ташқари бирор ишга қўл урмаслиги.
Эрининг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги ва бегона одамларни уйига киритмаслиги лозим. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эрининг ҳузурида унинг рухсатисиз (нафл) рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бегоналарни киритиши ҳалол эмас», дедилар» (Бухорий ривояти).
2. Эри учун ўзини сақлаши.
Бунда аёл кишининг эрига итоатда бўлиши ва унинг ғазабини қўзғатмаслик учун ўзига оро бериб бўлар-бўлмасга кўчага чиқишдан тийилиши назарда тутилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» («Аҳзоб» сураси, 33-оят). Бундан «Аёллар умуман уйдан чиқишлари мумкин эмас экан», деган фикр тушунилмайди. Улар ўзларининг кундалик заруриятлари юзасидан кўчага чиқадилар. Бироқ бунда очиқ-сочиқ кийиниб, ҳаддан ортиқ пардоз қилишни ўзларига эп кўрмасликлари керак. Чунки бундай ҳолатда кўчага чиққанда аёл бошқа эркакларнинг эътиборини ўзига тортади. Ваҳоланки, у бошқалар учун эмас, фақат ўз эрининг кўзини қувнатиш учун кўчага чиққанда эмас, уйида ўзига оро беришини ёддан чиқармаслиги керак. Ана шунда эркак киши ҳам ўз аёлининг ҳусн-тароватидан завқланиб, бошқа аёлларга шаҳват кўзи билан қарашдан тийилади. Бундай аёллар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг энг яхшиси унга қарасанг сени хурсанд қиладиган, (бирон ишга) буюрсанг итоат этадиган, унга тегишли бирон қасам ичсанг, қасамингни бузмасликка ёрдам берадиган ва кўчага чиққанингда уйда иффатини ва сенинг мол-мулкингни асраб-авайлайдиган аёлдир», деб айтганлар. (Насоий ва Аҳмад ривояти).
3. Ҳар қандай шароитда эрига ёрдам бериш ва уни қўллаб-қувватлаш.
Муслима аёл эри топиб-тутиб турган пайтда ҳам, шароит тақозоси билан ишлари юришмай қолганда ҳам унга бирдек яхши муомалада бўлиб, кўнглини кўтариши лозим. Мабодо, эри бирор касалликка чалиниб қолса, унга ҳамдард бўлиши ва тезроқ тузалиши учун унинг иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлиши лозим.
4. Уйини озода ва саранжом-саришта сақлаши.
Эри ишдан келганда ҳамма нарсанинг жой-жойида бўлиши унинг кайфиятини кўтаради. Аксинча, ивирсиқ, супуриб-сидирилмаган уйга кирганда, эр хотинининг уқувсизлиги ва фаросатсизлигидан қаттиқ ранжийди. Бундай уйда ҳеч қачон тинчлик-тотувлик, хотиржамлик бўлмайди. Аёллар шуни ёдда тутишлари керакки, хонадоннинг зийнати ҳашаматли буюмларда эмас, балки ундаги покизалик, саришталик билан белгиланади.
5. Хотин кишининг эрини хайрли ишларга ундаши.
Яъни, уни гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб, савобли ишларга ундаши. Ҳаётий мисоллардан шу нарса маълумки, баъзи аёллар эрларининг ўз яқинларига қилмоқчи бўлган хайр-эҳсонлардан қайтармоқчи бўладилар. Бундай аёллар эрларининг даромадларини фақат ўз оиласининг манфаати учун сарфлашга ундаб, уларни савобли ишлардан қайтарадилар. Ваҳоланки, солиҳа аёл эрини доим бошқаларга ҳам наф келтирадиган ишларга йўллашда маслаҳатгўй бўлиши лозим.
6. Аёлнинг қўли гул пазанда бўлиши.
Аёл эрининг топган-тутганини режа билан сарфлаб, мазали таомлар тайёрлаши ҳам эркакнинг бахти. Чунки ширин таомлар билан ҳам аёл эрининг кўнглига йўл топади ва унинг оилага янада боғланишига сабаб бўлади. Аксинча, масаллиқларни пала-партиш сарфлаб, меҳр бермай бемаза таом тайёрлайдиган аёлларнинг эрлари эса, доим кўчадан овқатланишга ўрганиб қоладилар. Кўчадан мазалироқ овқат ейишга одатланган эркакнинг беҳуда сарф-харажатлари оила таъминотига ҳам зарар етказади.
7. Аёл оилада эрининг яқин ёрдамчиси бўлиши.
Буни жуда кенг маънода тушуниш мумкин. Аёл оила таъминотчиси бўлган эрининг ишларига ҳурмат билан қараб, фарзандлар тарбиясига масъулиятни ўз зиммасига олади. Албатта, солиҳа, ва оқила аёл фарзандларига ҳам гўзал тарбия беради. Аксинча, баъзи калтабин, доим боласининг ёнига тушадиган шартаки аёллар эса, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатадилар. Зеро, солиҳ ва қобил фарзандларни она тарбиялагани каби, ноқобил, бадхулқ фарзандларни ҳам оналар тарбиялайдилар. Биринчи тоифадаги аёллар фарзанд тарбиясида эрларига қанчалик ёрдамчи бўлиб уларнинг қаддини кўтарсалар, кейинги тоифадагилари эса эрларининг фарзанди орқасидан қадди букилишига сабабчи бўладилар. Шунинг учун ҳам, аввало, аёлларнинг ўзлари тарбияли ва хушхулқ бўлишлари катта аҳамиятга эга.
8. Аёл кишининг хушмуомала бўлиши.
Аёл нафақат эрига, балки қайнона ва қайнотасига ҳам бирдек хушмуомалада бўлиши, уларнинг кўнгилларига озор етказадиган сўзлардан тийилиши керак. Эрининг кўнглини топиб, қайнона ва қайнотасининг хизматида бўлган аёл, уларнинг қалбига қувонч бағишлайди ва ўзига нисбатан меҳр- муҳаббатларининг янада зиёда бўлишига эришади. Афсуски, шундай аёллар ҳам борки, оиладаги турли икир-чикирлардан баҳона ахтариб, эрининг дилини ранжитиб ўзидан бездиради. Бундай дилозор аёлларнинг эрларини хорлаганлари оқибати ҳақида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, у (киши)нинг (жаннатдаги) «ҳури ийн»дан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейди», деганлар». (Термизий ривояти).
9. Аёлнинг эри шаънини ҳимоя қилиши.
Аввало, ўз ҳурматини билган аёл эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўсини сақлаши зарур. Аксинча, жузъий камчиликлари бўлган эркакнинг обрўсини тўкиб, дуч келган одамга ёмонлаш, уйдаги сирни кўчага олиб чиқиш нафақат эрини, балки ўз оиласи шаънини топташ билан баробардир. Зеро, шундай сабр-қаноатли солиҳа аёллар ҳам борки, эри ҳатто унга зулм қилса ҳам, ўз оиласи ва фарзандлари шаънини ҳимоя қилиш учун қўни-қўшниларга эрининг фақат яхши томонлари ҳақида гапиради. Бу эса аёлнинг донолиги ва кетини ўйлаб иш қилишидан далолатдир. Бундай аёллар фақат қўни-қўшниларнинг олдида эмас, фарзандларининг олдида ҳам эрининг мавқеини сақлаб қолишига сабаб бўлади. Бу эса вақти келганда эрнинг аёлига қилган жабр-зулмидан пушаймон бўлиб, бора-бора унинг қадрига етишига сабаб бўлади.
10. Аёлнинг эрига эътиборли бўлиши.
Аёллар орасида шундайлари ҳам борки, уй-жойини озода сақлайди, рўзғор ишларини ўрнига қўяди, лекин эрига нисбатан бепарво бўлади. Эри ишдан келганда уни очиқ чеҳра билан кутиб олиш, хушмуомалалик билан олдига овқатини қўйиш уёқда турсин, унинг кайфиятига қараб ҳол-аҳвол сўраш ҳақида ўйламайди ҳам. Эрига эътиборсизлиги туфайли уни тоза ва дазмолланган уст-бош билан кўчага чиқаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Ахир, эрига эътиборли бўлиб, унинг хизматини оғринмай қилган аёл эрини рози қилиб жаннатий бўлиши ёки аксинча, уни норози қилиб дўзахий бўлиб қолиши ҳам мумкин. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай хабар келтирилган. Ҳусайн ибн Миҳсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аммамнинг айтишича, у баъзи эҳтиёжлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борган экан. Шунда у Зот ундан: «Эринг борми?» деб сўрабдилар. У «Ҳа», деб жавоб берибди. У Зот яна: «У сенга эътиборлими?» дебдилар. «Қайсидир ишим билан унинг кўнглини олишга ожизлик қиляпман», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг кўнглини олиш учун янада огоҳроқ бўл, чунки жаннатинг ҳам, дўзахинг ҳам удир», дебдилар». (Табароний ва Ҳоким ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадисда айтадилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, аёл киши то эрининг ҳақини тўла адо этмагунича Раббининг ҳақини адо этолмайди» (Аҳмад, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Албатта, бундай ҳадисларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар орқали бугунги кунда энг долзарб бўлган яна бир мавзуни ёритишга ҳаракат қилдик. Ушбу ғойибона мулоқотимиз асосида оилавий муносабатларда эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида эслатмалар бериб, азиз опа-сингилларимизни огоҳликка чақирдик. Тўғри, оилада сизнинг зиммангизга юкланган юмушлар жуда кўп, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин сизнинг мушкулингизни осон қилишда турли техника воситалари ва сизлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар муҳим аҳамиятга эгалигини ёдда тутинг. Шундай экан, сиздан фақат озгина эътиборлироқ бўлиб ўз аёллик бурчларингизга масъулият билан ёндашиш талаб этиляпти, холос. Мана шу эслатмаларимизни аёлларимиз тўғри тушуниб ва уларга амал қилиб бошқаларга ҳам ибрат бўлишларидан умид қиламиз.
Аллоҳим, эркакларимизга солиҳ эр, аёлларимизга эса солиҳа, жаннатий аёл бўлишларини насиб эт!
Дониёр Файз
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
18:05 / 25.10.2024
“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи
15:52 / 25.10.2024
Малайзияда аёл касал эрига 6 йил ғамхўрлик қилди, аммо эркак соғайгач, уни ташлаб кетди
13:50 / 11.10.2024