Видео: Президент экспорт масаласига «панжа ортидан қараган» раҳбарларни танқид қилди
27 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экспортни кўпайтириш ва импортни қисқартиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Президент йиғилишда экспортчилар учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлаган, соҳа бўйича мутасадди ташкилотлар, масъуллар фақат қуруқ ҳисобот билан чекланаётгани, баъзан бу ҳисоботлар очиб ҳам кўрилмаётганини танқид қилган.
«Биз экспорт билан импортни ҳисоб-китоб қилишни ўрганмаганмиз. Олиб келган одам олиб келаверган, ким қўл қўйса қўл қўяверган.
Бозор топиш азоб деганим бекорга эмас. Бозорни ким топади? Рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарган давлат, албатта, конъюктура қанчалик оғир бўлмасин, сифатли маҳсулот билан ўз бозорини топади.
Агар экспорт билан импортни ҳар куни ҳисоб-китоб қилмас эканмиз, биз олдимизга қўйган вазифаларимизни ҳеч қачон уддалай олмаймиз. Бугундан бошлаб ҳамма вазирлар, банкирлар, ассоциациялар, ҳокимдан бошлаб президентгача ҳамма экспорт кўпайтириш, пировардида импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишларнинг ҳаққоний ҳолатини танқидий кўриб чиқишимиз шарт. Агар биз шуни ўзимиз танқидий кўриб чиқмас эканмиз, биз учун ҳеч ким қилиб бермайди.
Нега? Мана, икки ой ўтяпти, иқтисодиёт эртага нима бўлади, деган саволга жавоб эса йўқ. На Вазирлар Маҳкамаси, на Ташқи савдо вазирлиги, на Иқтисодиёт вазирлиги ёки Давлат божхона қўмитаси республикага кириб келаётган маҳсулотлар импорти таҳлил қилинмаган, қайси маҳсулот қанча миқдорда ва қандай нархларда экани ўрганилмагани, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмагани ҳақиқат ва бу менга номаъқул нарса.
Жойларда қайси ҳоким ва соҳага мутассадди раҳбарлар ўз ҳудудига кириб келаётган ёки корхоналар импорт қилаётган маҳсулот билан қизиқаяпти? Ҳеч ким. Бундай бўлса эртага бизнинг иқтисодиётимиз нима бўлади? Нима учун Навоий вилояти ҳокими, НКМК ёки Навоийазот корхонаси четдан кириб келаётган импорт ҳажмини билмайди ёки қизиқмайди?
Умуман, экспорт ва импорт масалалари билан шуғулланишда фақат ой ёки квартал тугаганидан кейин номига ҳисобот бериш билан чекланиб қолинган. Бу ҳисоботларни таҳлил қилиш ёки тегишли чоралар кўриш уёқда турсин, очиб ҳам ўқилмаган. Ушбу соҳада назорат бутунлай ўз ҳолига ташлаб қўйилган, десак, бу ҳам тўғри.
Ҳукуматнинг қайси комплекси ёки идораси импорт ва экспорт ҳажмига таъсир этаётган омилларни таҳлил қиляпти? Афсуски, ҳеч ким бу масала билан шуғулланмаяпти.
Жумладан, 2017 йилда импортни 1,81 миллиард долларга қисқартириш режаси 951 миллион долларга бажарилган (88 фоиз - таҳр), 1 йилда импорт ҳажми кескин - 403 миллион доллар ёки 55 фоизга ошиб кетган.
Мисол учун, бир йилда 20 миллион долларлик кир ювиш кукуни, 13 миллион долларлик атир совун, 49 миллион долларлик қурилиш материллари ва синтетик бўёқлар, 23 миллион долларлик шоколад. Шунга инвестиция қилса бўлмайдими?
Бу ҳолат ўтган йилларда қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурларининг ҳеч қандай асосларга эга эмаслигини, фақатгина кўзбўямачилик ва имтиёз олиш учун хизмат қилганидан далолат эмасми?
Шу ўринда савол туғилади. Аслида Инвестиция лойиҳалари рўйхатига кўп импорт қилинаётган товарларни юртимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар киритилиши керак эмасми? Лекин, жойларда ва республикада ўтирган ноинсоф мутасаддилар бу оддий ҳақиқатга панжа ортидан қарамоқда.
Энди бу борадаги ишларни ташкил этиш ва назорат қилишнинг бутунлай янги тизимини жорий этамиз. Пахта кластери қилганимиздек, экспорт ташкил қилувчи кластер тузамиз. Унга ҳамма шароитларни яратиб берамиз. Вилоятлар иқтисодиётининг рақобатбардошлиги экспортни кўпайтириб, импортни камайтириш билан боғлиқ бўлади. Экспортни кўпайтирмасак, экспорт билан ҳар куни шуғулланмасак, иқтисодиётимиз рақобатбардош бўлмайди», деган Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
12:50 / 04.11.2024
Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Мўғулистонга экспорт қилинади
09:40 / 23.10.2024
Ўзбекистондан Кувайтга қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилади
21:40 / 02.10.2024
Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди
09:40 / 09.09.2024