Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Оёғи ердан узилган” мутасаддилар
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб ҳаётий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари фаоллиги муҳим ўрин тутади, деб ёзмоқда "Миллий тикланиш" газетаси.
Халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар ҳам ўз ваколатларидан тўлақонли ва унумли фойдаланишга интилиб, мавжуд масала-муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қайд этилишича, 2017 йилда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси ҳамда фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида 338 депутатлик сўровини амалга оширди. Халқ депутатлари Наманган шаҳар, Чортоқ, Чуст, Уйчи, Учқўрғон, Наманган туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари депутатлик сўровларини амалга оширишда фаоллик кўрсатган бўлса, Косонсой, Норин, Тўрақўрғон, Поп ва Мингбулоқ туман Кенгашларидаги айрим депутатлар фаолиятида сусткашлик кўзга ташланган: улар ўз ваколатларидан унумли фойдалана олмаган.
Ўтган йил давомида 33 депутатлик сўровига айрим корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддиларининг масъулиятсизлиги натижасида жавоб қайтарилмаган. Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига асосан депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақли. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Аммо ўз ишига совуққонлик билан қараётган, халқ вакиллари кўтариб чиқаётган долзарб масалаларнинг ечимига етарли даражада аҳамият бермаётган бефарқ, лоқайд мутасаддилар ҳамон учраб турибди.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримовнинг 2017 йил 30 май куни вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи номига йўллаган сўровига ҳануз жавоб олингани йўқ. Мазкур сўровда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Наманган вилоятида жамоат жойлари, оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилинишининг мониторинги натижалари тўғрисида”ги қарорини чуқур ўрганиб, ижросини таъминлаш, мониторинг давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилган эди.
Дарвоқе, сўров матнида депутат сўровига қанча муддатда жавоб қайтариш лозимлиги ва мазкур ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилса, жавобгарлик белгиланганлиги эслатма тариқасида кўрсатиб ўтилган. Буларнинг барчаси мазкур мутасадди ташкилот депутат сўровини умуман кўриб чиқмаган, дейиш учун етарлича асос бўла олади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайлов¬олди Платформасида одамларнинг турмуш тарзи, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси ҳаётининг фаровонлигини ошириш, ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган. Ана шу дастурий мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши депутати Жасур Йўлдошев туман автомобиль йўлларидан фойдаланиш корхонаси раҳбарига Ҳисорак қишлоғидаги Дўстлик ва Резаксой маҳаллаларининг ички йўлларига асфальт ётқизиш ёки таъмирлаш юзасидан сўров билан мурожаат қилди. Чунки кўчалар ҳолати талабга жавоб бермайди, айниқса, ёғин-сочин кунларда автомобиллар ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун бир қатор ноқулайликлар юзага келади. Лекин депутатнинг мана шундай долзарб муаммо юзасидан қайта-қайта йўллаган сўрови беэътибор қолдирилди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Поп туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Ҳошияхон Турғунованинг 2017 йил 2 февралда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига юборган сўровига ҳам ҳеч қандай жавоб берилмади. Мазкур депутатлик сўровида тумандаги Найман қишлоғи аҳолиси учун тиббиёт пункти ҳамда арзон дори-дармон воситаларини етказиб берувчи дорихона ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган. Буларнинг барчаси мутасадди идора ва ташкилот раҳбарларининг масъулиятсизлигидан далолат беради.
— Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ёрилган маҳалласи фаоли Жўрабек Мирзажонов. — Ҳудудимизда суюлтирилган газ баллон алмаштириш шохобчаси ташкил этишда амалий ёрдам сўраб халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати Аъзамжон Жўраевга мурожаат қилдик. Мурожаатимиз асосида ўтган йилнинг 4 апрелида газ таъминоти корхонасига депутатлик сўрови юборилган эди. Афсуски, халқ дарди билан яшашни ўзига эп билмаган мутасаддилар бу масалага ҳам ечим топмади.
Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Сардор Раҳимовнинг 2017 йил 23 февралда Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Намтрансавто” департаменти бошлиғига жўнатган сўровда ҳам долзарб масала назарда тутилган эди. Яъни, аҳоли сони бўйича республикамизда учинчи ўринда турадиган Наманган шаҳрида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишига чек қўйиш, йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, умуман йўловчи ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бу масалани ўрганиш тугул, ҳатто бир энлик жавоб хати ёзилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Депутатлик сўровида кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, унинг манфаатлари туради. Шундай экан, уларга қандай қилиб беписанд ва масъулиятсиз ёндашиш мумкин? Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавобгардир.
Оқилхон Дадабоев
Мавзуга оид
10:54 / 16.12.2025
Сўров: украинларнинг кўпчилиги армияни Донбассдан олиб чиқишга қарши
15:40 / 01.09.2025
Сўров: 59 фоиз украиналиклар - Россия билан муроса тарафдори
22:05 / 20.02.2025
Америкаликларнинг 55 фоизи Маск қарор қабул қилинишида ҳаддан ортиқ таъсирга эга деб ҳисобламоқда
10:05 / 28.06.2023