Light | 03:21 / 03.03.2018
15324
8 дақиқада ўқилади

"Одамлар давлатдан ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қилишади" - Билл Гейтс

Microsoft компанияси ҳаммуассиси, миллиардер ва филантроп Билл Гейтс Reddit сайти фойдаланувчиларининг саволларига жавоб берди. У ўзининг келиб чиқиши тақдирига қандай таъсир кўрсатгани, қандай технологиялар унга энг истиқболли туюлиши ва нима учун криптовалюталарга ишонмаслиги ҳақида сўзлади. HBR уларнинг орасидан энг қизиқлари билан бўлишди.

Келиб чиқиши ҳақида

Менинг омадим келган: 6 ёшимдан давлат мактабларида, кейин ажойиб хусусий мактабда ўқидим. Агар мен ночор оилада туғилганимда эди, дастурлаш ва математикага бўлган қизиқишларимни ривожлантира олмаган ва бундай муваффақиятга эриша олмаган бўлардим.

Фото: AFP

Карьера танлови ҳақида

Мен 13 ёшимда биринчи марта компьютерни кўрганман. У мени ҳайратда қолдирган. Дастурлашни ўрганиш учун кўп вақт сарфладим. Мен BASIC'дан бошладим ва бошқа тилларни ҳам ўргандим. 16 ёшимда TRW корпорациясида дастурчи бўлиб ишлай бошладим, бу менга янада кўпроқ нарсани ўрганиш имконини берди. Омадим келгани шундаки, мен ўзимга ёқадиган ва вақт ўтган сайин янада муҳим аҳамият касб этган иш билан шуғулланганман. Мен ўзимнинг деярли барча хусусиятларимга шубҳа билан қараганман, бироқ дастурлаш қўлимдан келишига ишончим комил бўлган.

Microsoft'даги фаолияти ҳақида

Microsoft'да қилган барча ишларимиз кечиктириб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларни талаб қилган. Биз рақиблардан олдинда эдик ва жуда юқори тезликда ишлардик. Ҳозир менга шу нарса етишмайди. Йилда икки марта ўтган кунларга назар ташлаш ва узоқ муддатли трендларни ўрганиш учун "фикрлар ҳафталиги"ни ўтказишимга тўғри келарди. Ҳозир мен безгак каби муаммолар билан шуғулланяпман ва истардимки, бу соҳада рақобат бундан-да кучли бўлса ва охир-оқибат қарорлар тезроқ қабул қилинса.

Безгакка қарши курашиш усуллари ҳақида

Безгак — бизнинг фондимиз учун жуда муҳим муаммо. Чивинга қарши сеткалар, спрейлар ва янги дори-дармонлар сабаб бу касаллик натижасидаги ўлим ҳодисалари сони икки каррага қисқарди. Бироқ келгусида сизга янги воситалар керак бўлади, чунки безгак мавжуд барча воситаларга мослашади. Бизда инсонларни узоқ вақт давомида ҳимоялаши мумкин бўлган вакцина йўқ, лекин унинг ишланмасига фаол сармоя киритяпмиз. Қайси воситалар энг яхши самара беришини билиш учун кўп моделларни ишлаб чиқяпмиз ва синовдан ўтказяпмиз. Янги усуллардан бири ген драйви деб номланади. У чивинлар популяциясини бир неча йилга қисқартириш имконини беради. Бир неча йилдан сўнг бу усул кенг қамровли синовлар учун тайёр бўлади.

Альцгеймер касаллигига қарши дори ҳақида

Альцгеймер касаллигига қарши дориларнинг аксарияти синовлардан муваффақиятли ўта олмаган. Шундай бўлса-да, яхши янгиликлар ҳам бор: биз ишлаб чиқаётган янги жиҳозлар ушбу муаммони янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Мен бу муаммога ижобий ёндашаман: агар биз катта ҳажмдаги маълумотларни умумлаштириб, таҳлил қилсак ва истиқболли стартапларни молиялаштирсак, келгуси 20 йилда Альцгеймер касаллигидан азият чекаётганларга ёрдам берувчи препаратларни ишлаб чиқарамиз.

Фото: AFP

ГМО ҳақида

Таркибида ГМО бўлган маҳсулотлар саломатлик учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, бу технологиядан тўғри фойдаланиш эса бутун дунёда очлик ва тўйиб овқатланмасликка чек қўйиш имконини беради. Мен  ГМО'сиз маҳсулотларни истеъмол қилишдан қочмайман, лекин баъзи одамларнинг уларни генетик жиҳатдан модификацияланган маҳсулотлардан яхшироқ деб ҳисоблашлари менга ёқмайди.

Автоматлаштириш ҳақида

Автоматлаштириш саноат инқилоби давридан бошлаб ишлаб чиқариш самарадорлигини рағбатлантириб келган, тракторлар пайдо бўлиши ёки тўқимачилик соҳасининг автоматлаштирилишини ёдга олишнинг ўзи кифоя. Дастурий таъминот ривожланган сари самарадорлик даражаси ошиб бораверади, шу боис биз одамларни келгусида пайдо бўладиган касб-ҳунарларга қандай тайёрлаш борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Умуман олганда, автоматлашув — ажойиб нарса. Унинг шарофати билан камроқ иш қилишимиз мумкин, бироқ катта ўзгаришларга келгуси авлод вакилларигина гувоҳ бўлишлари мумкин.

Келажак технологиялари ҳақида

Компьютерлар матнни одамлардан қолишмайдиган даражада ўқийдиган ва тушунадиган вақтни интизорлик билан кутяпман. Бу ажойиб иш бўларди. Бугун компьютерлар муайян сўзларни излаши мумкин, бироқ меҳнат таътили, карьера ёки оила нима эканини тушунишмайди. Microsoft ва бошқа компаниялар ҳақиқатда фойдали виртуал ёрдамчини яратиш учун шунинг устида ишлашмоқда.

Яна бир истиқболли соҳа - робототехника. Инсон танаси ҳаракатлана олиши ва ташқи объектлар билан таъсирга кириша олиши ажойиб. Баъзи экспертлар роботлар 10 йилдан кейин инсонларга хос хусусиятларга эга бўлади, деб ҳисоблашади, бошқалар эса бунга анча кам вақт талаб этилишига ишонишади.

Фото: РИА "Новости"

Муваффақият ҳақида

Турли соҳаларда муваффақиятга эришиш мумкин. Мен юқори синфларда яхши баҳолар олган пайтларимда муваффақиятга эришганман. 20 ёшимда яхши код ёзганимда муваффақиятга эришганман. 1990-йилларда орзуим амалга ошиб, персонал компьютер бошқа одамлар ишининг унумдорлигини оширишга сабаб бўлувчи жиҳозга айланганида муваффақиятга эришганман. Бугун мен яхши ота бўлиш, фондимизнинг катта режалари (жумладан, полиомелит ва безгак устидан ғалаба қозониш) устида ишлаяпман. Фикримча, доим муваффақият кафолатланмаган соҳаларда ютуқларга эришишни мақсад қилиш керак. Шулардан бири глобал исишга қарши курашиш.

Бўлғуси молиявий инқироз имкониятлари ҳақида

Айнан қачон инқироз рўй беришини айтиш қийин. Яхшики, 2008 йилги инқироз асоратларидан нисбатан муваффақиятли қутуляпмиз. Уоррен Баффет бу ҳақида кўп гапирган ва бу соҳада мендан кўра кўпроқ хабардор. Экспертларнинг тахминларига қарамай, мен келажакка ижобий кўз билан қарайман ва инновациялар ҳамда капитализм бутун дунё аҳолиси ҳаётини яхшилайди, деб ҳисоблайман.

Криптовалюталар ҳақида

Криптовалюталарнинг асосий хусусияти - уларнинг анонимлиги. Бу яхши деб ўйламайман. Давлат пулларнинг ўмарилиши, солиқларни тўлашдан воз кечиш ва террорчи ташкилотларни молиялаштиришга чек қўйиш имконига эга бўлиши керак... Криптовалюталар ва ICO атрофидаги гап-сўзлар эса тезкор ютуқдан бошқа нарса қизиқтирувчилар учун қўшимча хавф туғдиради.

Иқтисодий тенгсизлик ҳақида

Ўйлашимча, ижтимоий ҳимоя таъминоти ва тенг имкониятлар тақдим этиш тизимлари яхшиланиши зарур. 100 йил аввал одамлар қандайдир хавфсизлик ёстиқчасидан маҳрум бўлишган, ҳозир эса бу тобора ишончли воситага айланиб бормоқда. Кўп мамлакатлар меросга солиқ киритмаслиги мени ҳайратга солади. У даромадларни қайта тақсимлашни яхши уддалайди ва сулолалар пайдо бўлиши олдини олади. Бизнинг иқтисодий тизимимиз ўз камчиликларига қарамай, сўнгги 200 йилда катта моддий бойликка эга бўлди, энди эса унинг адолатли тақсимоти билан шуғулланишимиз керак.

Фото: Flickr

Президентлик пойгасида иштирок этиш ҳақида

Мен президентликка номзодимни қўймайман, мен Мелинда билан фондда қилаётган ишларимга ҳаддан зиёд боғланиб қолганман. Шундай бўлса-да, Американинг дунёдаги ўрни, касалликларни енгишга ёрдам берувчи тадқиқотлар, глобал исиш ва таълим тизимини яхшилаш ҳақида ўйлайдиган президент бўлиши кераклигини маъқуллайман. Бироқ назаримда, одамлар давлатдан ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қилишади.

Ҳа, давлатнинг ҳали қиладиган ишлари кўп, бироқ ташаббускор гуруҳлар давлат амалга ошира олмайдиган ишларни бажара олади. Масалан, мактабларга ёрдам бериш, ночорликдан жабрланаётган одамларни қўллаб-қувватлаш. Бу халқаро кўламда ҳам иш беради. Мен фуқаролик жамияти кўпроқ ташаббус кўрсатишини истаган бўлардим. Эҳтимол, биз баъзи масалалар бўйича ҳеч қачон бир тўхтамга кела олмасмиз, бироқ соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини яхшилашга ҳеч нима халақит бермайди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид