Спорт | 19:53 / 06.03.2018
48991
11 дақиқада ўқилади

«Париж жанги» олдидан. Куннинг энг асосий учрашуви

Бугун Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида жавоб ўйинлари бошланади. «ПСЖ» ўз майдонида «Реал»ни қабул қилса, «Ливерпуль» «Порту»га мезбонлик қилади. Инглизлар дастлабки ўйиндаги йирик ҳисоб туфайли, кейинги босқич масаласини амалда ҳал қилишган. Ўша ўйинга алоқадор фақат бир нарсани айтиш мумкин – Юрген Клопп бу ўйинга барча асосий футболчиларини туширишга ваъда берган. «Ливерпуль» шанба куни «Олд Траффорд»га сафар қилиши ҳам, бугунги ўйин аслида шунчаки расмиятчилик мақомида экани ҳам немис мураббийига аҳамиятли эмас, «Ливерпуль» ўз мухлислари учун ўйнашда давом этади.

Эътиборингизга, нафақат куннинг, турнирнинг марказий тўқнашуви ҳақидаги мулоҳазаларни ҳавола қиламиз.


ИСПАН-ФРАНЦУЗ ТЎҚНАШУВИ
Тақдир хазилини қарангки, ЕЧЛ нинг марказий ўйинларидан бирида испан жамоаси француз мураббийи қўл остида, француз жамоаси эса, испан мураббийи қўл остида курашга киришишган.

Ҳар икки жамоанинг ички чемпионатдаги ҳолати солиштирилса, таъқибчилардан  жуда катта фарқда ўзиб кетган «ПСЖ» ва «Барселона»дан 15 очко ортда қолиб, чемпионликдан умидини узган «Реал»нинг ҳолати бутунлай фарқли кўринса-да, аслида ўхшашликлар бор. Умумийлик шундаки, Унаи Эмери учун ҳам, Зайниддин Зидан учун ҳам бу тўқнашув мавсумни қутқариб қолиш учун охирги имкониятлардан биринчисидир.

Ҳа, ростан ҳам, агар Эмери «ПСЖ»ни Европа Чемпионлар Лигасида сўнгги босқичларгача олиб бора олмаса, Франциядаги барча совринларни ютишидан қатъи назар, мавсумни ёмон якунлаган бўлиб чиқади. Чунки шундоқ ҳам, «ПСЖ» француз жамоаларига нисбатан бир неча баробар кўпроқ молиявий имкониятларга эга ва ўтган ёзда Неймар, Мбаппе каби топ-футболчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олди. Буларнинг ҳаммаси айнан Европанинг энг катта турнирида ғалаба қозониш бўлгани ва мураббийга бундан кам вазифа қўйилмаслиги турган гап.

Мадрид муҳитини яхши биладиган мухлис эса, Зиданга ҳам ҳавас қилмаётган бўлса керак. Бу ерда ҳар қанча совринларни ютинг, фарқи йўқ, сиз охирги ўйинда, охирги мавсумда, яъни ҳозир ёмон аҳволдамисиз, демак сизни кечиришмайди. Зайниддин Зидан қисқа вақт ичида «Реал» тарихида ўчмас из қолдирди, қаторасига икки марта Чемпионлар Лигасини ютди, Испания чемпиони бўлди, аммо ҳозир истеъфо ёқасида турибди. Ла Лига ва Испания кубоги учун даъвогарликдан чиқиб кетиб бўлган «Реал» учун ягона юпанч айнан мана шу турнир экани ҳеч кимга сир эмас.

Демак, айтиш мумкинки, бугунги ўйин айниқса, бош мураббийларинг кейинги мавсумни жамоада қолиш ёки қолмасликларини ҳам ҳал бўлади бугун. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бугунинг ўзида улардан бирини ёзда истеъфога чиқиши аниқ бўлади.

ЙЎҚОТИШЛАР
Парижликларнинг етакчи ҳужумчиси Неймарнинг мавсум охиригача сафдан чиққани анчадан бери гапирилмоқда. «Марсель»га қарши ўйиндан кейин операция столига ётган бразилиялик юлдуз жаҳон чемпионати бошлангунча, ўз спорт формасига қайтса ҳам катта гап. Аммо бир қатор мутахассислар, хусусан Зайниддин Зидан ҳам, Неймарнинг йўқлиги рақибни кучсизлантириб юбормаслигини тан олди. Аксинча, Неймарнинг йўқлиги Эмерига бошқалар учун сирли бўлган бир қатор вариантлар қолдиради. Яъни, Неймарнинг ўрнини қандай футболчилар билан ёки қандай тактик қарорлар билан тўлдирилиши рақиб учун ҳам сир бўлиб қолади. Бу ҳам мадридликларга қўшимча қийинчилик туғдириши табиий. Зеро, Дракслер ёки Ди Мария каби футболчилар ҳам ўзига яраша кучли футболчилар ва «Реал»га муаммолар келтириб чиқаришлари табиий ҳол.

Мадриддаги ўйинни эсласангиз, Неймар жуда кўп ҳолатларда ташаббусни ўз қўлига олишга уринган, жамоадошлари ҳам имкон қадар у орқали ҳужум ташкил қилишга ҳаракат қилишганди. Неймарнинг йўқлиги «ПСЖ»да ҳужумда ранг-барангликни олиб кириши ҳам мумкин.

Неймардан ташқари, Эмерининг аргентиналик «козири» Хавьер Пасторенинг тайёр бўлиши сўроқ остида. Таркиб борасида францияликлар мураббийида бошқа муаммо йўқ.

«Реал»нинг муаммолари янада оғриқли деб айтиш мумкин. Чунки майдонга тушишлари сўроқ остида бўлган, аниқроғи, тўлиқ тикланиб улгурмаган Тони Кроос ва Лука Модрич жамоанинг ўйинини ташкил қиладиган муҳим бўғин ҳисобланишади. Айниқса, тўпни кўпроқ ушлаб туриб, ўйин темпини назорат қилиш талаб этиладиган, ҳисобни сақлашга ҳаракат қилинадиган бундай ўйинда марказни бошқарадиган футболчилар жуда зарур бўлар эди. Бу футболчилар майдонга тушишлари ҳам мумкин, аммо юксак спорт формасида эмасликлари равшан.

ЖАМОАЛАР ҲОЛАТИ
«ПСЖ» сўнгги 11 ўйиннинг 10 тасини ғалаба билан якунлади. Албатта, ўша биргина мағлубият Мадриддаги «Реал»дан қабул қилинганди ва бу ҳозирча жуда қимматга тушиб турибди.

«Реал» ҳам мавсумнинг дастлабки ярмидаги ҳолатидан бирмунча чиқиб олган, жамоа сўнгги 9 ўйинда атиги бир маротаба мағлубиятга учради. «Эспаньол»га қарши иккинчи таркибни туширган Зидан якунда мағлубиятга учраган бўлса-да, у қадар қаттиқ хафа бўлмаган бўлса керак. Юқорида айтилганидек, Ла Лигада «Реал»га «нон қолмади», улар учун муҳими бугунги ўйинга тайёр ҳолатда бўлиш ва ҳеч кимнинг жароҳат олмаслиги эди. 

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР:
ПСЖ:
 Ареоля, Курзава, Маркиньос, Сильва, Алвес, Рабьо, Верратти, Дракслер, Ди Мария, Мбаппе, Кавани
РЕАЛ: Навас, Марсело, Рамос, Варан, Карвахал, Каземиро, Ковачич, Иско, Бэйл, Роналду, Бензема

ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА: АНХЕЛ ДИ МАРИЯ
Неймарнинг майдонга тушмаслиги Анхелнинг бугунги ўйинда қатнашиш имкониятини оширади ва ҳатто жамоани кучайтириши мумкин. Бир пайтлар «Реал» таркибида ЕЧЛ  ғолиби бўлган Ди Мариянинг Мадрид клубига нисбатан алами қолган бўлиши мумкин, сабаби, ўша мавсумдан кейин уни «Манчестер Юнайтед»га сотиб юборишганди.

Анхел бу ўйин орқали Мадридга ўз даражаси қайтадан намойиш қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, Ди Мария билан «ПСЖ» янада мувозанатли ўйин кўрсатиши мумкин. Сабаби яримҳимоячи марказда интизомлироқ ҳаракат қилади ва бир пас билан рақиб ҳимоясини саросимага тушира олади.

БУ ҚИЗИҚ
Жавоб ўйини олдидан кўпчилик 1992/93 мавсумдаги УЕФА кубоги плей-офф тўқнашувини эсга ола бошлади. Ўшанда ҳам айнан «Реал» ва «ПСЖ» тўқнаш келган ва  мадридликлар биринчи ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

Жавоб ўйинида «ПСЖ» керакли ҳисобни қайд этишга муваффақ бўлган. Франциялик ҳужумчи Давид Жиноланинг ҳал қилувчи голи парижликларга 4:1 ҳисобидаги ғалабани олиб келганди.

Кейинчалик, «ПСЖ» ярим финалда «Ювентус»га тўқнаш келди. Ўша мусобақада якунда ғалаба қозонган туринликлар «ПСЖ»ни ярим финалда қолдириб кетишганди. 

МУРАББИЙЛАР НИМА ДЕЙДИ?
Унаи Эмери: «Албатта, бу йилнинг энг муҳим ўйинидир. Бу бизга олдинга қадам ташлаш учун имконият. Агар биз ўз ўйинимизни кўрсата олсак, вазифани уддалай оламиз. Умид қиламанки, «Реал» энг кучли таркиби билан келади ва кучли рақиб бизнинг ҳам энг яхши ўйинимизни кўрсатишимизга сабабчи бўлади. Истардимки, рақибнинг омадсиз ўйини эмас, ўз ўйинимиз туфайли муваффақият қозонсак...

Биз совуққон ва шу билан бирга юракдан ўйнашимиз керак. Агар танлаш керак бўлса, юрак билан ўйнашга кўпроқ урғу берган бўлардим» 

Зайниддин Зидан:  Бугун кимдир ютқазади, лекин нимаям қилардик, бу футбол. Мен фақат чиройли футбол бўлиши тарафдориман. Бизга осон бўлмаслиги аниқ, лекин бу қийинчиликларни енгиб, яхши ўйин кўрсатишимиздан умидворман.

Неймарнинг йўқлиги бизни ўйлантирмаяпти, албатта, унинг ўрнига бошқа яхши футболчи тушади ва у ҳам ўзининг энг ячхши хислатларини бизга қарши қўллайди»

РАҚАМЛАР
•  «ПСЖ» қаторасига 6-марта нимчорак финалда ўйнамоқда ва улардан дастлабки тўрттасида кейинги босқичга чиқа олган.
•  ЕЧЛ нинг бу мавсумида «ПСЖ» ўз майдонидаги учала ўйинни ҳам йирик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилган.
•  2006/07 мавсумидан бери «ПСЖ» ЕЧЛ да ўз майдонида 46 ўйин ўтказган ва фақат бир марта «Барселона»дан мағлубиятга учраган холос.
•  Шу пайтгача «ПСЖ» 7 марта плей-оффнинг дастлабки ўйинини бой берган ва улардан 5 тасида кейинги босқичга чиқа олишган.
•  «Реал» қаторасига 8-маротаба чорак финалга чиқиш имкониятига эга. 
•  Роналду ушбу мавсумда ҳам ЕЧЛ тўпурарлари руйхатини бошқармоқда. Унинг ҳисобида 11 гол бор.
•  Сўнгги 26 еврокубок ўйинида «Реал» атиги 2 маротаба мағлуб бўлган. 
•  «Реал» сафарда француз жамоаларига қарши у қадар ишончи эмас: 14 ўйиндан 5 ғалаба ва 6 мағлубият.


ҲАКАМЛАР
Ўйинни Феликс Брих бошчилигидаги немислар бригадаси бошқаради. 42 ёшли ҳакам ушбу мавсумда 4 ўйинни бошқарди ва 21 сариқ, 1 қизил карточка кўрсатди. Бирор марта ҳам пенальти белгиламади.

«Реал»нинг ўтган мавсум финалида «Ювентус»га қарши ўйинини (4:1) айнан Феликс Брих бошқарганди.  

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид