Мадриднинг «Реал» клуби учун мавсумнинг иккинчи қисми мураккаб ўтди. Ички муҳитдаги муаммо жамоани инқироз ҳолатига келтириб қўйди. Инқироз деганда жамоа иккинчи дивизионга тушиб кетгани, футболчиларга декабрдан буён маош берилмаётгани, профессионал клуб машғулот майдони топилмаганда мактаб стадионларида шуғулланиб юрганини тушуниш керак эмас. Мадридга хос, ориёна инқироз.
Бу йил ҳам «Реал» мавсум бошидаги устунликни сақлаб қолса, Ла Лигани ютарди, биринчи класикони ютганди ҳам. ЕЧЛда ҳам, айтайлик, Нойер қаҳрамонлик кўрсатмаса, «Бавария»дан ўтиб, балки финалга ҳам чиққан бўларди. Кимсан Мбаппеси бор жамоа мавсумни совринсиз якунлади ва аслида бу фожиа эмас, ҳеч қаерда ёзилмаган катта клублар ҳар йили совринларни қалаштириб ташлаши керак деб. Мадрид мухлислари ички муҳитдан, ишга бўлган муносабатдан норози. Бу борада чиндан муаммолар жиддий. Шунчалик жиддийки, Перес янги мураббий борасида кўпчилик кутмаган радикал ўзгариш қилишгача борди.
Муштлашув
Эсингизда бўлса, ўтган мавсум жамоани италиялик Карло Анчелотти бошқарганди. Кўпчилик, «Реал» кетма-кет иккинчи мавсум совринсиз қолди, деб гапиряпти, лекин бунақа эмас. Мадрид икки йилдан буён Ла Лига, Испания кубоги ва Чемппионлар Лигасини ютмаётгандир, лекин ўтган мавсум жамоа Анчелотти билан Европа суперкубоги ва Қитъалараро кубокни ютганини унутмаслик керак.
«Реал» чемпионатда ва Чемпионлар Лигасида кубок ютолмаган бўлса-да, муҳит билан боғлиқ муаммо йўқ эди. Чунки Анчелотти жамоада ички тартибни сақлаш бўйича айнан «Реал»боп, тенгсиз мураббий. Бразилия ҳам айнан шу хусусияти сабаб узоқ йил роса ҳаракат қилиб Папа Карлони олиб кетди.
Ўтган мавсум олдидан «Реал»ни Хаби Алонсо қабул қилиб олди. Бир қарашда жуда тўғри қарор, Алонсо «Реал»нинг собиқ футболчиси, Германияда «Бавария»нинг гегемонлигига якун ясаган мураббий. Унинг «Реал»га келиши Леверкузендаги муваффақиятли мавсумидан кейиноқ аниқ эди.
Жамоа Хаби билан мавсумни ёмон бошлади деб бўлмайди, биринчи класикода «Барселона»ни енгди, Ла Лигада пешқадам ҳам бўлиб олганди. Лекин кейин муаммолар бўй кўрсата бошлади. Жамоанинг асосий футболчиси Винисиус захирада қолиб, кўрсаткичлари кескин тушиб кетди. Шу йил бошида «Реал» суперкубок финалида «Барселона»га енгилгач, Алонсога жавоб берилди.
Клуб мураббий истеъфога чиқарилмагани, аризасига кўра кетганини таъкидлаб баёнот берди. Ўша финалдан кейин содир бўлган воқеа Алонсонинг мураббийлик фаолиятига кучли зарба бўлди. У футболчиларини чемпион «Барселона»ни табриклаш учун шоҳсупага олиб бормоқчи бўлди, лекин Мбаппе бошчилик футболчилар мураббийни бутун стадион кўз ўнгида жеркиб ташлашди. Мана шу эпизодда Мадридда ички муҳит яхши эмаслиги яққол кўзга ташланди.






