Технология | 08:55 / 10.03.2018
5296
2 дақиқада ўқилади

Kaspersky оммавий смарт-камераларда заиф жойларни аниқлади

Фото: РИА Новости / Владимир Астапкович

Антивирус дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчи “Лаборатория Касперского” компанияси Жанубий Кореянинг Hanwha Techwin смарт-камераларида жиддий заиф жойларни аниқлади. Бу заиф жойлар хакерларга узоқдан туриб қурилма устидан назоратни қўлга олишга имкон беради. Бу ҳақда компания вакили Владимир Дашенко маълум қилди.

Hanwha Techwin камералари кўпинча видеоэнага ҳамда уй ёки идоралардаги вазиятни кузатиш учун қўлланади. Бу қурилмалар фойдаланувчи ва бошқа қурилмалар (компьютер, смартфон, планшет) билан тўғридан-тўғри эмас, балки булутли хизмат орқали ишлайди. Мутахассиснинг айтишича, айнан булутли хизмат архитектураси турли ташқи таъсирларга заиф бўлиб чиққан.

Хакерлар булутли хизмат ва фойдаланувчи ҳуқуқларини қўлга киритиб, камерадан бошқа қурилмаларга ҳужум қилишда фойдаланишлари мумкин. Жумладан, хакер узоқдан туриб исталган зарарли кодни юклаши ва бажариши, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаши, камерани ишдан чиқариши ва бошқа шу каби ғараз амалларни бажариши мумкин. Компания таҳлилчилари ўз тадқиқотлари вақтида булутли хизматда деярли 2 мингта смарт-камерани аниқлашган.

Компания ушбу камчиликлар ҳақида қурилмаларни ишлаб чиқарувчи компанияни огоҳлантирган. Айни вақтда бу камчиликларнинг баъзилари бартараф этилган, қолганлари эса яқин орада тузатилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид