Жаҳон | 20:30 / 12.03.2018
19201
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги энг баланд ойнаванд кўприк очилди

Хитойнинг Ваньюань шаҳридаги Батайшань тоғли ландшафт боғида денгиз сатҳидан 1980 метр баландликда жойлашган ойнаванд пиёда кўприги очилди. 12 март куни Хитой марказий телевидениесининг маълум қилишича, бу кўприк дунёдаги энг баланд жойлашган кўприк бўлди.

Телеканал маълумотларига кўра, барча истовчилар ердан 186 метр баландликда икки тоғ чўққиси орасида жойлашган кўприкдан сайр қилишлари мумкин. Кўприк ўтган баландлик 66 қаватли бинонинг томига тенг. Кўприкнинг узунлиги 198 метрни ташкил қилади, у эни 2,5 метр келадиган шаффоф ойнаванд панеллардан ташкил топган.

Фото:Chinanews.com

Кўприк қурилиши февраль бошида якунланган, бироқ бир ой давомида конструкция синовдан ўтказилган. Кўприк кенг омма учун 10-11 март кунлари очилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млн юанни (1,58 млн доллар) ташкил қилган.

Фото:Chinanews.com
Фото:Chinanews.com
Фото: Shutterstock

Дунёдаги энг узун ойнаванд пиёдалар кўприги 2017 йил 24 декабрда Хитойнинг Хэбэй вилоятида очилган. Унинг узунлиги 488 метрни, эни эса 2 метрни ташкил қилади. Кўприк Пиншань уездидаги иккита тоғ чўққисини боғлайди ва пастда жойлашган водийдан 218 метр баландликдан ўтган. У қалинлиги 4 см келувчи 1077 та ойнаванд панелдан ташкил топган. 

Кўприк конструкцияси 2 минг кишининг оғирлигини кўтара олади, бироқ унда бир вақтда 500 киши бўлишига рухсат берилган.

 

Мавзуга оид