Ўзбекистон | 17:20
445
2 дақиқада ўқилади

Хитойда Тошкент шаҳар дренаж тизимини ривожлантириш бўйича 400 млн долларлик келишувга эришилди

Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилган III Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форумида Тошкент шаҳри бўйича қатор инвестициявий келишувларга эришилган. Улар орасида пойтахтнинг дренаж тизимини ривожлантириш лойиҳаси ҳам бор.

Фото: Kun.uz 

Хитойда ўтказилган форумда Тошкент шаҳри учун умумий қиймати 3,5 млрд доллардан ортиқ бўлган инвестициявий ва экспорт келишувларига эришилган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Форумда Тошкент шаҳар ҳокимлиги иштирокида инфратузилма, транспорт, қурилиш, экология ва саноат соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга доир қатор келишувлар имзоланган.

Лойиҳаларни амалга оширишда молиялаштиришни давлат бюджетидан фойдаланмаган ҳолда EPC+F модели асосида хитойлик ҳамкорлар томонидан жалб қилиш режалаштирилмоқда. Тўловлар узоқ муддатли истиқболда шаҳар бюджетининг янги даромад манбаларини шакллантириш ҳисобидан босқичма-босқич амалга оширилади.

Форумда қуйидаги йўналишлар бўйича келишувларга эришилган:

  • дренаж коллекторлари, ирригация ва ёмғир сувларини четлаштириш тизимини ривожлантириш – 400 млн доллар;
  • 24/7 форматидаги замонавий брендли кўчаларни яратиш – 100 млн доллар;
  • реновация ҳудудларида замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаларини қуриш – 500 млн доллар;
  • EPC+F асосида BRT, йўл ўтказгичлар ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш – 1 млрд доллар;
  • транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳалар – 1 млрд доллар;
  • безак тошларини ишлаб чиқариш – 150 млн доллар;
  • чиқиндиларни саралаш учун “ақлли” ускуналар ишлаб чиқариш – 50 млн доллар;
  • керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 150 млн доллар.

Шунингдек, форум доирасида заргарлик буюмлари, пахта ип-калава, кумуш концентратини етказиб бериш бўйича жами 156 млн долларлик экспорт шартномалари имзоланган. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид