Жаҳон | 14:00 / 14.03.2018
8477
4 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоев ва Имомали Раҳмон нималарни муҳокама қилади?

Фото: Хабар 24

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бугун Остонадаги қароргоҳида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашади.

Учрашув куннинг иккинчи қисмига мўлжалланган, унинг якунларига кўра қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Остонадагилар бўлажак музокараларга катта умид боғлашмоқда.

Ўзаро муносабатлар

Имомали Раҳмон Қозоғистонга бундан аввал 2006 ва 2008 йилларда келган. Қозоғистон раҳбари эса 2007, 2011 ва 2015 йилларда Тожикистонга ташрифни амалга оширган.

Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Нурлан Сейтимовнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида ўзаро ишончга асосланган жуда қалин алоқалар ўрнатилган, Қозоғистон ва Тожикистон муносабатлари дўстона ва стратегик ҳамкорлик йўсинида ривожланмоқда.

«Давлат раҳбарлари ўзаро расмий ташрифлар вақтида ҳамда турли халқаро майдонларда тез-тез учрашиб туришган. Қозоғистон президентининг Душанбега охирги ташрифи 2015 йил сентябрида амалга оширилганди. Ўшанда имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Қайд этишни истардимки, Тожикистон бундай шартномани фақат 4 давлат билан — Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркманистон билан имзолаган», — деди Сейтимов Тожикистон раҳбарининг Остонага ташрифи арафасида.

У Қозоғистон томони Тожикистон президентининг Остонага ташрифига алоҳида эътибор билан қарамоқда ва бу «икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамловчи ташриф» бўлишига ишонч билдирилмоқда. 

Савдо имкониятлари

Қозоғистон Тожикистон ташқи савдосидаги ҳамкорлар ичида учинчи ўринда туради. 2017 йил якунларига кўра, бу мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 776 миллион долларни ташкил этган. Бу эса 2016 йилдагига қараганда 31,5 фоизга кўп демакдир. Қозоғистондан Тожикистонга асосан, буғдой, ун, суюлтирилган газ, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари экспорт қилинади. Тожикистондан Қозоғистонга рудалар, мева ва сабзавотлар олиб келинади.

Ушбу ташрифдан кейин Қозоғистонда ишлаб чиқилган локомотивлар ва автомобиллар экспорти ҳам йўлга қўйилиши мумкин.

Сейтимовнинг сўзларига кўра, Тожикистонга Қозоғистонда йиғилган 4та локомотив етказиб берилган.

«Улар темир йўл соҳасини янгиламоқчи. Улар янги йўллар қуришади, соҳани қайта ташкил этишади. Давлат мамлакатнинг барча ҳудудларини темир йўллар билан қамраб олишни истамоқда. Шу туфайли Қозоғистон локомотивларига у ерда катта талаб мавжуд», деган элчи.

Янги келишувлар

Қозоғистон ва Тожикистон раҳбарлари Остонада минтақада ва дунёда кун тартибида турган долзарб масалалар юзасидан муҳокама ўтказишади ва якунда қўшма баёнот қабул қилишади.

Учрашув давомида икки давлат фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш, шунингдек, миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув (унга кўра, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида ахборот алмашинуви механизмини тузиш кўзда тутилган) имзоланади.

«Бундай келишувлар эвазига томонлар бир-бирини доимий тарзда тезкор хабардор қилиб туриши мумкин бўлади. Бу ҳуқуқ-тартибот органлари соҳасида катта аҳамиятга эга бўлади», деган Қозоғистон элчиси.

Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган келишув имзоланиши режалаштирилган, унга кўра, давлатлар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиши белгиланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид