"Ипак йўли" виза режими йўлга қўйилиши кутилмоқда
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тўсиқларсиз "Ипак йўли" тизимини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Зеро сайёҳларнинг қадимий Ипак йўлига бўлган қизиқиши жуда катта, Ўзбекистонда эса туризмни ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг бу борада берган изоҳларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Ғоя шундан иборатки, қўшни мамлакатларга - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва эҳтимол Озарбойжон билан мультитурларни ташкил қилиш. Айни дамда гап фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақида бораётган экан, бу мамлакатлардан бирига, масалан Қозоғистонга виза билан ёки визасиз ташриф буюрган сайёҳ Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ёки Тошкент шаҳарларини ҳам зиёрат қилиш имконига эга бўлади. Буларнинг бари жуда жиддий ишларнинг амалга оширилишини, биринчи навбатда, қўшма маълумотлар базасини тузиш, маълумотлар алмашинувини талаб қилади", - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.
Умуман олганда, бу Ўзбекистон Президентининг 3 февраль кунги "Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига мувофиқ келади. Унга кўра, Ўзбекистон 1 майдан эътиборан хорижлик фуқароларга 72 соат муддат давомида амалда бўладиган қисқа муддатли кириш визаларини тақдим этади.
"Бугунга келиб, Қозоғистонда ҳам 72 соатлик туристик режим йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра, Остонага келган хитойлик Қозоғистонни айланиб, кейин Ўзбекистонга парвоз қилиши, 3 кунни шу ерда ўтказиб, Хитойга қайтиши мумкин бўлади.
Қозоғистон билан янги жорий қилинаётган режимга кўра эса, бу муддат 3 кун эмас, 5 кунгача бўлиши мумкин. Қозоғистон чегара хизмати билан ишончли алоқалар ўрнатилиши асосий ғоялардан бири, яъни улар текширган сайёҳларга биз ҳам ишонишимиз мумкин. Бунинг учун шубҳасиз икки томон қатор ишларни амалга оширади. Тўсиқларсиз "Ипак йўли" тизимини жорий қилиш бунда бош мақсадлардан биридир. Зеро сайёҳларнинг қадимий Ипак йўлига бўлган қизиқиши жуда катта. Буни "Ипак йўли" виза режими деса ҳам бўлади", - қўшимча қилади Азиз Абдуҳакимов.
Шу ўринда "Шенген келишуви" ёдга тушади, унда ҳам дастлаб беш давлат ўзаро тўсиқларни олиб ташлаб, кейин секин-аста ўз доирасини кенгайтириб борган.
Маълумот учун: Шенген келишуви — Европа Иттифоқининг қатор давлатлари чегараларида паспорт-виза назоратининг соддалаштирилишига доир келишув. У 1985 йилнинг 14 июнида имзоланган бўлиб, дастлаб беш мамлакатни ўз ичига қамраб олган - Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Германия.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024