Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сунний маданият маркази» вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюради
15-21 март кунлари Ўзбекистонга Ҳиндистоннинг Керала штатида жойлашган «Сунний маданият маркази» раҳбари доктор Мухаммад Абдулҳаким Азҳарий бошчилигида бир гуруҳ зиёратчилар ташриф буюриши кутилмоқда.
Ташриф мобайнида меҳмонлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз шаҳарларига бориб, у ердаги зиёратгоҳлар ва қадамжоларга ташриф буюрадилар ҳамда ўлкамизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қиладилар. Гуруҳ таркибига Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликларидан туризм соҳасида фаолият олиб бораётган сайёҳлик компанияларининг раҳбарлари ҳам киритилган бўлиб, улар Ўзбекистоннинг туризм, хусусан зиёрат туризми салоҳияти билан яқиндан танишиш истагини билдиришган.
Шунингдек меҳмонлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрлари ва улар номларига барпо этилаётган масжид комплексини зиёрат қилишади ҳамда "Ҳилол" нашриёт матбаасига ташриф буюриб, нашриёт фаолияти билан тубдан танишадилар.
Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида «Сунний маданият маркази»нинг 40 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарига устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир гуруҳ шогирдлари – Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Айюбхон Ҳамидуллоҳ, Нодирбек Хидиров, шунингдек, Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддин, Грант таълим ўқув маркази директори Музаффар Саттиев ва яна бир неча вакилларимиз қатнашишган эди.
«Сунний маданият маркази» ҳақида маълумотлар
1978 йилда асос солинган «Сунний маданият маркази» Ҳиндистондаги энг машҳур илмий ва ҳайрия ташкилоти бўлиб, унинг асосий биноси Керала штатининг маркази Каликут шаҳрида жойлашган.
Марказ филиаллари дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан Форс кўрфази давлатлари, Европа ва Америкада ўз фаолиятини олиб бормоқда. Марказ қошидаги 50дан ортиқ муассасалар, хусусан Қуръон мактаблари, шариат коллежлари, меҳрибонлик уйлари, ўрта мактаблар, аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослашган коллежлар, малака ошириш институтлари, техник институтлар, тиббиёт институтлари, масжид ва шифохоналарнинг ҳам доимий тарзда жамият тараққиётига хисса қўшаётганлиги аҳамиятга молик. Бу даргоҳда ижтимоий-диний фанлар билан бир қаторда замонавий фанлар уйғунлигига катта эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда Марказнинг барча йўналишларида 200000дан зиёд талаба таҳсил олиб келмоқда.
Шайҳ Абу Бакр Аҳмад Ҳиндистондаги сунний мусулмонлар раҳнамоси, Бутун Ҳиндистон мусулмон уламолар бирлашмаси Бош котиби, Керала штатида жойлашган Сақофати Суннийя Маркази асосчиси ва ректори, шунингдек, Сунний ёшлар жамияти ҳомийси ва Керала Самаста сунний мусулмон уламолар ташкилоти Бош котиби ҳисобланади.
Шайҳ Абу Бакр Аҳмад бошчилигида 23 та исломий мактаб, 2000 та масжид, 1650 та қудуқ, 26 та таълим муассасаси қурилди ва ўз фаолиятини бошлади.
Муҳаммад Абдул Ҳаким Азаҳарий Хиндистоннинг Керала штати, Каликут (Кожикоде) шаҳрида 1971 йил 20 февралда таваллуд топган. Устоз Абдул Ҳаким бошланғич таълимни Сақофати Суннийя Марказида бошлаб, кейинчалик докторлик даражасини Мисрдаги Ал-Азҳар университетида қўлга киритди.
Муҳаммад Абдул Ҳаким Азҳарий «Сунний маданият маркази» биринчи директори, Ишаас ўрта мактаби, Озчилик таълими бирлашмаси ҳамда Ҳиндистон ҳайрия ва кўмак фонди бош директори, Илм шаҳри бошқарувчиси, Ҳиндистон ҳукумати урду тилини ривожлантириш миллий кенгаши, Керала Самаста исломий таълим муассасаси, Маслаҳат идораси ва Марказ ул-ҳуда карнатака ташкилотлари аъзоси, Ал-эҳсон таълим маркази президенти ҳисобланади.