Ўзбекистон | 21:50 / 15.03.2018
29132
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг собиқ бошлиғи қўлга олингани тасдиқланмади

Фото: CA-NEWS

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг собиқ бошлиғи полковник Абдукарим Шодиев ушлангани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

«Полковник Абдукарим Абдураҳмонович Шодиев 2017 йилнинг август ойидан буён Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси факультет бошлиғи лавозимида хизмат фаолиятини давом эттирмоқда», дейилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарида.

ИИВ Академияси сайти маълумотига кўра, Абдукарим Шодиев профессионал тайёрлов факультетини бошқармоқда.

Февраль ойи охирида Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари - Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўзгаргани, бу лавозимда Ўзбекистон президенти девонининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича сектор мудири сифатида ишлаб келган Баҳромбек Қаҳрамонович Одилов ички ишлар вазирининг ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида иш бошлагани хабар қилинганди.

Бундан аввалроқ ОАВда 1999 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистондаги қамоқхоналарни бошқарган Абдукарим Абдураҳмонович Шодиев ҳибсга олингани, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 301-моддаси («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги») ва 230-модда («Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш») бўйича айблов илгари сурилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид