Жамият | 22:50 / 18.03.2018
15449
5 дақиқада ўқилади

Наманганда масъулиятни унутган шифокорларга жазо қўлланилмоқда

Фото: Pixabay

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилишига қарамай аксарият юртдошларимиз бугунги кундаги тиббий хизмат кўрсатиш даражасидан қониқиш ҳосил қилишмаяпти. Бунда энг аввало, Гиппократ қасамини ичган, эгнига шарафли оқ либосни кийган айрим соҳа ходимларининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани, қолаверса касбига нисбатан масъулиятсизлик қилаётгани сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тизимдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ишчи-ходимларига нисбатан талаб кучайтирилмоқда. Чунки, элимизга хизмат қиладиган шифокорлар ҳамиша ҳушёр, ҳалол ва фаол бўлишлари шуни тақозо этаётир.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларидан бирида “Одамлар орасида яшаш, уларнинг дардига қулоқ солиш, аҳолининг эҳтиёжлари ва қонуний талабларини амалга ошириш учун тезкор чоралар кўриш — ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси, деб ҳисоблайман”, дея алоҳида қайд этган эди. Зеро, инсон манфаатлари энг устувор қилиб қўйилар экан, соғлигимиз посбонларининг хизмат масъулияти сусайишига, берилган топшириқларга, энг муҳими қабулига нажот истаб келаётган одамларга беписанд ва бепарво муносабатда бўлишларига асло йўл қўйиб бўлмайди.

- 2018 йилнинг дастлабки ойларида хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмаётган раҳбарлардан воз кечилмоқда. Уларнинг ўрни ташаббускор ва ташкилотчи, билимдон ва юқори малакали мутахассислар билан тўлдириб бориляпти, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов “KUN.UZ” таҳририяти мухбири билан суҳбатда. – Масалан, яқинда Косонсойда юз берган, кейинчалик қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган кўнгилсизликни келиб чиқишида бевосита ўз вазифасига совуққонлик билан қараган туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Холдоровдан тортиб, унинг атрофидаги ўринбосари Раимжон Абдуллаев, координатор Муродилла Тошматов, марказий поликлиника мудири Муяссар Каримова, поликлиника бош фельдшери Абдужаббор Абдуллаевлар вазифасидан бўшатилган эди.

Мулозимнинг қайд этишича, бундан ташқари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли амалга оширмагани ва патронаж тадбирларига талаб даражасида эътибор қаратмагани учун Наманган тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Нодира Қосимова, шу тумандаги 14-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Насиба Ирисова, Тўрақўр¬ғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Шоҳидон” қишлоқ врачлик пункти мудири Зайнаб Хушматова, Норин тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 18-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Гулчеҳра Шамсутдиноваларга нисбатан ҳам шундай чора қўлланилди. 

Оналик ва болалик муҳофазасига доир вазифаларни бажаришдаги масъулиятсизлиги, берилган топшириқлар ижросига беписандлик билан муносабатда бўлганлиги натижасида туманда болалар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ортиб кетишига йўл қўйганлиги учун Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари Зулфия Зокирова ҳамда Обиджон Қўлдошевлар,  Поп тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими мудири Шарифа Латифовалар лавозимларидан озод этилди. Шифокор фаолиятидаги ҳар қандай хато бемор учун қимматга тушишини бирор мутахассис ҳеч вақт унутмаслиги шарт. Шунинг учун жиддий камчиликлар содир этган Поп тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими акушер-гинекологи Маҳлиё Эгамбердиева ва навбатчи ҳамшираси Гулжамол Нурматовалар ҳам вазифасидан бўшатилди.

Мухтасар айтганда, Наманган вилоятида ўз вазифасига масъулиятсиз ва лоқайд тиббиёт ходимларига муросасиз муносабатда бўлинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид ғоят муҳим фармон ва қарорлари  изчил бажарилишини таъминлаш учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутахассисдан юксак масъулият талаб этилмоқда. Бундан кўзда тутилган мақсад эса халқимизнинг дўхтирлардан рози бўлиши, тиббий хизмат сифатидан қониқиш ҳосил қилиши, қолаверса соҳада юз бераётган айрим тамагирлик ҳолатларининг олдини олишдан иборат.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
журналист.

Мавзуга оид