Light | 19:20 / 19.03.2018
45652
9 дақиқада ўқилади

Президент ўқишни тавсия қилган «Хитой мўъжизаси» муаллифи - Дэн Сяопин тарихи

Фото: © wikipedia.org

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанднинг Паст Дарғом туманида ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳақли равишда Хитой мўъжизасининг муаллифи ҳисобланувчи Дэн Сяопинни кўпроқ ўқишни тавсия қилганди. Давлат раҳбари Хитой қандай қилиб ривожланиш соҳасида инқилоб қилгани борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашганди. Қуйида ушбу йирик ислоҳотчи ҳақидаги айрим маълумотларни тақдим этамиз.

Хитойнинг сўнгги ютуқлари Дэн Сяопиннинг номи билан боғланади, сиёсий курсда эса Қайта қуришнинг муқобил тарихини кўришади. У давлат раҳбари сифатида фаолият юритмаган, бироқ 1970-йиллар охиридан то 1990-йиллар бошигача Хитойни бошқарган ҳисоб.

Француз даври

Фото: © wikipedia.org

Ҳаёт йўли болаликдан бошланади, деб тўғри айтишади. Ёш Дэн Сяньшен билан ҳам шундай бўлди. У 1904 йилда заминдор Дэн Венмин оиласида дунёга келди. Унинг отаси ўғлига сифатли таълим беришга ҳаракат қилган ва уни Чунциннинг энг яхши мактабларидан бирига жойлаган. 1919 йилда Дэн энг фаол ўқувчилар қаторида Францияга ўқиш учун йўл олган. Ёш хитой зиёлиси Францияга бориб, бироз қийналган. Отаси берган пуллар етмай, ишлашига тўғри келган, бироқ Францияда инқироз даври бўлиб, хитойликларни шароити яхши бўлмаган ишларгагина олишарди. Дэн қора ишчи, чилангар, официант бўлиб ишлаган. Бу мураккаб давр унга янги исм олиб келган – Сяопин. Айнан Францияда Сяопин капитализм «ажойиботлари»ни кўриб, коммунизм сари илк қадамини ташлайди - 1924 йилда у Франциядаги Хитой коммунистик гуруҳига қўшилади.

Иван Дозоров

Тез орада «хавфли коммунистик агитатор»га кўз тиккан Франция ҳукумати таъқибидан қочиб, Дэн ўқишини Москвада давом эттиришга қарор қилади. У ерда Сунь Ятсен номидаги Хитой меҳнаткашлари университетига ўқишга киради. Конспирация сифатида талабалик гувоҳномасини Иван Сергеевич Дозоров номига олади. Бу ерни Европа билан таққослаганда фарқ жуда катта эди - ҳаммаси бепул. Мамлакат иқтисодий ўсишни бошдан кечираётган вақтлар - янги дўконлар, ресторанлар ва бошқа иш жойлари очилаётган давр. Талабалар уч маҳал яхши овқатланишган - гўшт, балиқ, сут, тухум доимий менюда бўлган, ҳатто икра ҳам беришган. Кейинчалик айнан шу ижобий таассуротлар Сяопиннинг «Хитой мўъжизаси»га замин бўлади. Сяопин кейинроқ бу ҳақида шундай хотирлайди: «Мен Россияга энг аввало қатъий тартибга риоя қилишни ўрганиш ҳамда коммунистик билимга эга бўлиш, ўз ғояларим ва хатти-ҳаракатларимни тўлиқ коммунизациялаштиришга келгандим».

«Буюк даҳо»

Фото: © wikipedia.org

Хитойга қайтган Дэн камбағаллар, аҳолининг аксар қисмини ташкил этувчи деҳқон ва ишчиларнинг ҳолатига янгича нигоҳ билан қаради. Бу ерда у консерватив партияга қарши курашни давом эттиради, Мао Цзедун билан алоқаларни фаол қўллаб-қувватлайди. Ёш Дэн коммунистлар етакчисидан катта таассуротда эди. Сяопин унинг ортидан илк «сиёсий ўлим»ни қабул қилди - 1933 йилда уни Мао ғояларига риоя қилгани учун барча қатламлардан сиқиб чиқаришди. Бироқ икки буюк инсоннинг йўллари тезда иккига ажралди, бунда шахсий омил муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мао Цзэдун классик деспот бўлган - у кун ярмида уйқудан туриши, каравотда ётиб ёки овқатланиб мажлис ўтказиши мумкин эди. У ўз талабларини ҳам тўғридан-тўғри баён қилмай, топишмоқ шаклида билдирган. Баъзан Дэн буюк даҳо нимани хоҳлаётганини билмай қоларди. Бироқ Сяопин учун охирги нуқта Хитойга ҳақиқий ҳалокат олиб келган катта сакраш сиёсати, Дэн ҳимоясига шайланган оддий одамларнинг ўлими бўлди, у айнан шу мақсадда коммунизм йўлини тутганди, ахир.

«Мушук»

Катта сакрашдан кейин иқтисодиётни қайта тиклаш вазифаси Дэннинг зиммасига тушди. У Мао сиёсатини давом эттириш янги фожиаларга олиб келишини жуда яхши англарди. Фақат деколлективизация ва иқтисодиётни озод қилиш Хитойни қутқариши мумкин эди. Охир-оқибат, «Мушук қорами ёки оқми, муҳим эмас, агар у сичқонларни тута олса - яхши мушук». Дэннинг ватани - Сичуанда кўп ишлатилган айнан шу мақол унинг янги сиёсати шиорига айланди. Айнан шу «мушук» сабаб Мао Цзедун ҳеч қачон Сяопинни кечира олмади. Янги сиёсий йўналишда ўз режимига таҳдидни кўрган буюк даҳо Дэнни «каппутизм»да, капиталистик йўналишни тутишда айблаган: «Бу инсонни ҳеч қачон синфлар курашини ҳал қилувчи звено сифатида кўрмаган. Унга барибир - марксизмми ёки империализм», - деганди Мао. 1996 йилда даҳонинг янги чақириғи янграган - «Штабларга қарата ўқ». «Маданий инқилоб» бошланган, Дэн Сяопин эса иккинчи марта «сиёсий ўлим топган» - уни айбини меҳнат билан ювиши учун трактор заводига жўнатишган. Унинг ҳатто номини айтиш ҳам тақиқланганди. Дэн Сяопин энди йўқ эди.

Кулранг кардинал

Дэн фақат Маонинг ўлими ва унинг аёли ташкилотининг қулашидан кейингина ўзини тиклаб олди. 1980 йилда ўз атрофига тарафдорларини тўплаб олган Сяопин деярли Хитой ҳукмдорига айланади. Бироқ бу сафар у «сояда қолиш»ни афзал кўради ва Марказий ҳарбий кенгаш раиси лавозимини эгаллайди. Бироқ бундан кейин «балл»ни айнан Сяопин бошқарарди. У «Бир мамлакат - икки сиёсий тизим» шиорини олға суради. Сяопин эркин ва аралаш иқтисодиёт тамойилига амал қилади ҳамда кейинчалик Хитойни дунёнинг энг етакчи давлатларидан бирига айлантирган «хитойча социализм»ни яратади.

Дэннинг бошқа мамлакатлар билан муносабатлари

Дэн Сяопин АҚШ президенти Жеральд Форд билан. 1975 йил
Фото: © wikipedia.org

Дэннинг шарофати билан Хитойнинг Ғарб билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланди. Дэн хорижий мамлакатларда кўп бўлади ва Ғарб етакчилари билан дўстона учрашувлар ўтказади. 1979 йилда Дэн АҚШга борган ва Оқ уйда президент Жимми Картер қабулида бўлган.

Япония-Хитой муносабатлари ҳам анча яхшиланган. Дэн Японияни иқтисодий жиҳатдан тез ривожланаётган мамлакат сифатида мисол қилган.

Дэн Сяопин АҚШда президент Жимми Картер билан
Фото: © wikipedia.org

Яна бир ютуқ - ХХРнинг Буюк Британия билан 1984 йилги келишуви - Хитой-Британия қўшма декларацияси бўлган. Унга кўра, 1997 йилда Ҳонгконг Хитойга қайтарилган. Португалия билан ҳам шундай битим имзоланган, унга кўра, Макаони Хитойга қайтаришга келишилган.

Тяньаньминь майдони

Фото: © wikipedia.org

Ўзининг либерал ислоҳотларига қарамай, Дэн Сяопин ўзи танлаган йўлига содиқ қолди. У Маога ўхшаб режим душманлари билан пачакилашиб ўтирмаган, Тяньаньминь майдонидаги воқеалар бунга яққол мисол бўла олади. СССРдаги сиёсий либерализациядан илҳомланган хитойлик талабалар ва маҳаллий зиёлилар вакиллари сиёсий тизим эркинлигини, кўп партиявийликни талаб қилишган. Бунга «тезкор ислоҳотлар» тарафдори, бош котиб Ху Яобаннинг лавозимидан четлатилиши ва шундан кейин кутилмаганда юрак хуружи натижасида ҳаётдан кўз юмиши сабаб бўлди. Минглаб намойишчилар Тяньаньминь майдонига йиғилишди, улар Маони танқид қилиб, Дэн Сяопин шарафини ҳимоя қилиб қичқиришарди. СССРдаги воқеалардан хавотирга тушган Сяопин қўзғолонни бостиришга буйруқ берган.

Дэн Сяопиндан ислоҳотларга оид ҳикматли сўзлар

Фото: © wikipedia.org

«Мен Хитой халқининг ўғлониман ва ўз ватанимни жуда яхши кўраман», - деган Дэн Сяопин хорижий нашрга берган интервьюларидан бирида. Дэн Сяопин ўзининг донишмандлиги ва қатъий иродаси билан Хитойни ислоҳотлар ва очиқлик йўлидан олиб борди ҳамда мамлакат сиёсати, иқтисодиёти ва маданиятида катта ўзгаришларни амалга оширишга улгурди. Қуйида унинг ислоҳотлар ҳақидаги ҳикматли сўзлари келтириб ўтилади:

1. Ислоҳотлар – Хитойдаги иккинчи инқилоб. Бу таваккал бўлса-да, жуда муҳим ва зарур иш.

2. Мушукнинг қандай рангда экани аҳамиятсиз, у сичқонларни тутса бўлгани.

3. Ислоҳотлар сиёсий тизимнинг ўзгаришини ўз ичига олиши керак.

4. Фикрлаш очиқ, ислоҳотларга доир қадамлар эса тезкор бўлиши керак.

Мавзуга оид