Ўзбекистон | 16:10 / 19.03.2018
16170
3 дақиқада ўқилади

НТВ телеканалининг «Поедем! Поедим!» ижодий гуруҳи Ўзбекистон ҳақида кўрсатув тайёрламоқда

Россиянинг НТВ телеканали орқали намойиш этиладиган «Поедем, Поедим!» машҳур сайёҳлик шоусининг навбатдаги сони Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга бағишланади. Ижодий гуруҳ 19-26 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси миллий PR-маркази таклифига биноан Тошкент шаҳрида ҳамда мамлакатнинг жанубий ҳудудларида бўлади. Бу ҳақида Қўмита матбуот хизмати KUN.UZ'га хабар берди. 

Таъкидлаш жоизки, «Поедем, Поедим!» кулинар-этнографик кўрсатуви Ўзбекистонга биринчи марта келиши эмас. 2015-2016 йилларда англиялик телебошловчи Жон Уоррен иштирокидаги Ўзбекистон ҳақидаги лавҳалар томошабинларда катта тассурот қолдирган. Бу сафар россиялик журналистлар Ўзбекистоннинг "Дунё бўйлаб" телеканали ижодий гуруҳи билан бирга ишлашмоқда. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бугунга келиб Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва айниқса гастрономик туризм Россия ва МДҲ давлатларидан келган сайёҳлар орасида ўсиб бораётган тренд ҳисобланади. Ўтган ҳафта Москва шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро туристик ярмаркада Ўзбекистон павильонининг муваффақияти шундан далолат бермоқда. Шу билан бирга, МДҲ сайёҳларининг фикрича, Ўзбекистон энг машҳур гастрономик йўналишлар бешлигидан ўрин олди, бунда эса, шубҳасиз, ўзбек паловининг тутган ўрни катта.

Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувнинг диққат марказида айнан шу мавзу бўлиши кутилмоқда. Хусусан, меҳмонлар ўз ташрифининг биринчи кунида Тошкентда сумалак тайёрланиш жараёнида иштирок этишди. Шунингдек тур давомида улар Сурхондарё ҳамда Қашқадарёга бориши режалаштирилган. Улар Бойсун, Фаёзтепа, Шаҳрисабз ва Қарши анъаналари ҳамда таомлари, меъморий ва этнографик ёдгорликларини ўрганишади. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Россия телевидениесида Ўзбекистоннинг туризм, маданият, анъаналари ва кулинария санъати янги имкониятларига доир ҳикоялар, ўз навбатида мамлакатга келувчи хорижий сайёҳлар сонининг ошишига сабаб бўлади. Ижодий гуруҳ съёмкалари байрам сайллари, миллий таомлар фестиваллари, беллашувларга бой умумхалқ Наврўз байрамига тўғри келганини ҳисобга оладиган бўлсак, кўрсатувнинг навбатдаги сони нақадар ёрқин ва қизиқ бўлишини тасаввур қилиш мумкин. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

НТВ телеканали делегацияси бошловчи Жон Уоррен, продюсер Елизавета Понамарёва, оператор Андрей Вавиленко ва постановкачи-оператор Сергей Ашихминлардан иборат. 

Маълумот учун: «Поедем, Поедим!» кўрсатуви 2012 йилдан бошлаб ҳар ҳафта эфирга узатиб борилади. Бу вақт ичида кўрсатув ижодий гуруҳи Франция, Италия, Норвегия, Мўғулистон, Хитой, Татаристон, Шантар ороллари ва кўплаб бошқа мамлакатларда бўлиб қайтишган. 

Мавзуга оид