Жамият | 22:20 / 21.03.2018
20458
5 дақиқада ўқилади

Фотогалерея: Наманганда Наврўз тантаналари нишонланди

Наманган вилоятида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивали кўтаринки руҳда нишонлади. Бу ҳақда “KUN.UZ” таҳририятининг Намангандаги мухбири хабар беради.

Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи эрта саҳарданоқ Ўзбекистондаги энг йирик сумалак пиширилаётгани дарагини эшитган минглаб ёшу кексаларни, нафақат вилоят аҳли, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан, қолаверса Марказий Осиё давлатлари ҳамда Туркия, Япония, Россия, Германия, Греция каби хорижий мамлакатлардан келган туристларни ўзига чорлади.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров ўз табрик сўзида асрлардан асрларга сайқаллашиб келаётган қадимий ва навқирон айём – Наврўзи олам одамларни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, миллатларо бағрикенлик, бунёдкорлик, яратувчанлик каби эзгу ишларга чорлаши билан ҳаётимизда алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

Эътироф этиш жоиз, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатидан махсус буюртма асосида келтирган муҳташам қозон атрофидаги сумалак сайли шукуҳи жиҳатидан дунёнинг манаман деган туризм лойиҳаларини ортда қолдиргани аниқ. Бу фикримизни Туркиядан келган турист Мустафо Хартаби ўғлининг қуйидаги сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди:

“- Йирик кўламдаги сумалак пиширилаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, буни ўз кўзим билан гувоҳ бўлиши учун Наманганга ошиқдим. Қувонарлиси, туристлар ташрифи борасида мамлакатингиз раҳбарияти томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар туфайли бу заминга келишимда ҳеч қандай қийинчиликларга дуч келмадим. Наврўзи олам Ўзбекистонда одамларнинг ўзаро аҳиллиги ва уюшқоқлиги, бир-бирларини сидқидилдан табриклашлари, энг самимий тилакларини йўллаш асносида нишонланиши, катта тантана билан байрам қилиниши эътиборимни тортди. Мазкур байрамни жаҳоннинг кўпгина давлатларига намуна тарзида кўрсатишга арзийди”.

21 март тонгида яхши ниятлар билдирилиб, нуронийлар дуоси билан қозон ўрамаси очилди. Сумалакнинг асосий қисми вилоятдаги меҳрибонлик, саховат уйлари, шифохоналар ва меҳр-мурувватга эҳтиёжманд оилаларга етказилди. Шунингдек, туристлар ва вилоят аҳли ҳам баҳорий таомдан баҳраманд бўлишди. Меҳмонларга 20 мингга яқин бир марталик идишларда сумалак тарқатилди.

Баҳриддин Чустий, лойиҳа ташкилотчиси:

“- Энг аввало шуни айтиш керакки, 5 тонналик сумалак Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун эмас, балки халқимизга байрамона шукуҳ ва баҳорий кайфият улашиш учун пиширилди. Мега-сумалак тайёрлаш ғояси “Наманган китоб олами” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, депутат Маъруфжон Мўминовдан чиққан эди. У киши менга бу ҳақда қўнғироқ қилиб, ғояни татбиқ этишни сўради. Эзгу лойиҳа Наманган вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қўллаб-қувватланди”.

Фестиваль доирасидаги “Дўппидай ош” кўрик-танлови кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда дунё тан олган ошпаз Баҳриддин Чустий бошчилигидаги 27 нафар моҳир пазанда оз масаллиқ, яъни 250 грамм гуручдан ош пишириш мумкинлигини исботлай олдилар. “Тандир шоу” беллашуви эса новвой ва сомсапазлар мўъжазгина тандирда таомлар тайёрлаб, маҳорат кўрсатдилар.

Наврўзи олам меҳр-оқибат, саховат каби инсоний фазилатларни ўзида мужассам этиши билан эътиборга молик. Байрам баҳона вилоят марказидаги 10 нафар болакайнинг хатна тўйлари нишонланиб, уларнинг ҳар бирига 3 миллион сўмлик омонат дафтарчалари очилди. 2 нафар келин-куёнинг никоҳ тўйи муносабати билан ёшларга тўйга тўёна тариқасида мебеллар тўплами, кир ювиш машинаси ва 3 миллион сўм тортиқ қилинди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси доирасида 50 нафар ногиронлиги бор кишиларга аравачалар берилди.

“Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган эзгу ғоя асосида нишонланган байрам сайиллари “Кичкинтойлар боғи” ва “Ёшлар хиёбони”да, вилоятнинг барча туману қишлоқларида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Унда турли миллатларга мансуб юртдошларимиз иштирокидаги “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда” шиори остидаги байрам томошалари, ансамбль, фольклор, халқ этнографик ва цирк жамоалари, таниқли эстрада хонандалари, элимиз ардоғидаги адиб ва шоирлар, маънавият тарғиботчиларининг чиқишлари барча-барчада байрамона тароват улашди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

журналист.

Мавзуга оид