17:37 / 21.03.2018
12249

Россия яна «Толибон»ни қўллаб-қувватлашда айбланди

Фото: РИА "Новости"

АҚШ қуролли кучлари ва НАТОнинг Афғонистондаги қўмондони генерал Жон Николсоннинг «Қатъий қўллаб-қувватлов» миссияси Кобул штабида чиқиш қилиб айтишича, Россия ва Эрон «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда Афганистан.ру хабар берди.

Хусусан, қўмондоннинг маълум қилишича, юқорида номи зикр этилган икки давлат жангариларни ўқитмоқда, шунингдек, уларга пуллар ва ҳарбий техника тақдим этмоқда. Генералнинг тахминича, Россия ҳамда Эрон шу тариқа толибларни ИШИД гуруҳига қарши куч сифатида кўрмоқда.

Россияда ҳар икки гуруҳ тақиқланганига қарамай, Москва бир неча бор толибларни қўллаб-қувватлашда айбланди. РФ ТИВ бу айбловларни рад этиб келмоқда, бироқ шундай баёнотлар ҳам ғарбдаги сиёсатчилар, ҳам НАТО қўмондонлиги вакиллари томонидан берилмоқда.

Жон Николсоннинг ўз чиқишида маълум қилишича, Теҳрон ва Москва катта хатога йўл қўймоқда. Генералнинг хабарига кўра, Афғонистондаги ИШИД жангариларининг 80 фоизи собиқ покистонлик толиблар, қолган 20 фоизи – «Ўзбекистон исломий ҳаракати»дан чиқиб келганлар саналади.

АҚШ қуролли кучлари ва НАТОнинг Афғонистондаги қўмондони таъкидлашича, мамлакат бутун дунё бўйлаб ИШИД билан кураш олиб бормоқда, ҳамда гуруҳ томонидан келаётган террорчилик таҳдидига якун ясамоқчи бўлганлар бу саъй-ҳаракатларни қувватлаши керак, деб хабар бермоқда «Пажвок» агентлиги.

«ИШИД муаммосидан хавотирда бўлганлар биргаликда ҳаракат қилишимиз учун биз билан ўз фикрларини бўлишиши керак, - дея маълум қилди генерал. – Улар толиблардан ёрдам кутмагани маъқул». 

Top