Жаҳон | 21:00 / 21.03.2018
13343
2 дақиқада ўқилади

Видео: Косово парламентида кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатилди

Фото: Reuters

21 март куни Косово парламентидаги мухолифлар Черногория билан чегара бўйича келишув тасдиқланиши учун овоз бериш жараёнига халал беришди. Сербларнинг мухолиф партияси (Vetevendosje) вакилларидан бири кўздан ёз сиздирувчи газ қўллади.

Чегаралар демаркацияси Косово Европа Иттифоқи билан визасиз режимга эришиши учун асосий шартлардан бири ҳисобланади. Бу масала мамлакатни бир неча йилдан буён боши берк кечада ушлаб турибди.

Парламент спикери Кадри Весели депутатларни келишувни ратификация қилишни тасдиқлашга чақиришни бошлаганида мухолифат депутатлардан бири газ қўллади.

Шундан сўнг депутатлар Косово Ассамблеяси биносидан эвакуация қилинган.

Келишув тасдиқланиши учун парламентдаги 120 нафар депутатнинг 80 нафари маъқуллаши етарли бўларди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи элчилари бу ҳолатни зўравонлик дея баҳолашди ва депутатларни келишувни ратификация қилиш учун парламентга қайтишга чақиришди.

Черногория ва Косово 2015 йили чегаралар демаркацияси бўйича келишувни имзолаганди. Аммо Косово парламенти ҳамон бу келишувни ратификация қилмай келмоқда. Ратификация қилиш масаласи парламентга 2016 йилда киритилган, аммо бош вазир Рамуш Харадинай бошчилигидаги мухолифатчилар бу келишувга қарши чиқиб келишмоқда. Иддао қилинишича, бу келишувга кўра Косово 8 минг гектар ҳудудини йўқотади.

Европа Иттифоқи Косово ўз фуқаролари Шенген визаси бўйича эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун ушбу келишувни ратификация қилиши кераклигини уқтириб келади.

Бундан олдинроқ Косово президенти Ҳошим Тачи Сербия Косово шимолини «Қрим сценарий»си бўйича аннекция қилмоқчилиги ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид