Ўзбекистон | 16:51 / 14.10.2025
8220
2 дақиқада ўқилади

Черногория ўзбекистонликлар учун вақтинчалик визасиз режимни бекор қилди

Бу қарор миллий виза сиёсатини Европа Иттифоқи талабларига мувофиқлаштириш доирасида қабул қилинган.

Фото: vdio

Черногория ҳукумати Арманистон, Ўзбекистон ва Миср фуқароларини визадан вақтинча озод этиш тўғрисидаги аввалги қарорларини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақдаги қарор 2025 йил 9 октябр куни Черногория Вазирлар Маҳкамасининг бош вазир Миложко Спайич раислигида бўлиб ўтган 98-сессиясида қабул қилинган.

«Вазирлар Маҳкамаси Арманистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси фуқароларини виза олишдан вақтинча озод этиш тўғрисидаги қарорларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарорлар қабул қилди. 2024-2027 йиллардаги Ислоҳотлар кун тартиби ва Европа Иттифоқига қўшилишнинг якуний мезонлари доирасидаги мажбуриятларга мувофиқ, 24-бобда Черногория Европа Иттифоқининг виза сиёсати билан уйғунлашишда давом этмоқда. Шунга кўра, бугунги тузатишлар юқорида тилга олинган мамлакатлар фуқаролари учун визалардан вақтинча озод қилиш тўғрисидаги аввалги қарорларнинг амал қилишини тўхтатади ва шу билан Черногориянинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлишга қатъий содиқлиги ҳақида аниқ сигнал беради», дейилади ҳукумат сайтидаги хабарда.

Вазирлар Маҳкамаси виза режими тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги низомни қабул қилган.

Энди Ўзбекистон фуқаролари Черногорияга кириш учун виза расмийлаштириши талаб этилади. Ушбу тартиб 2025 йил 29 октябрдан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Черногорияда 2023 йилнинг июн ойидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинган ва икки мамлакат ўртасида доимий тўғридан тўғри авиарейслар қатнови йўлга қўйилганди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон 2019 йилнинг февралида Черногория фуқаролари учун визасиз режим жорий қилган. Улар мамлакатда 30 кун давомида визасиз қолиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид