23:59 / 27.03.2018
15985

Бокулик ўқувчи қиз ёмғир сувидан электр энергия олиш қурилмасини ихтиро қилди 

Фото: Новости-Азербайджан

Бокулик 15 ёшли ўқувчи қиз Райҳон Жамалова Forbes нашри томонидан чоп этилган “Саноат, ишлаб чиқариш ва энергия соҳасида ёши 30 гача бўлган энг истиқболли тадбиркорлар ва ихтирочилар” рейтингига киритилди. 

Ёш ихтирочи Озарбойжоннинг ушбу рейтингга киритилган илк вакили бўлди. Рўйхатга ҳаммаси бўлиб 29 одам киритилган.

Райҳон ҳақида Ҳиндистонда 2017 йил ноябрда ўтган Тадбиркорлик бўйича глобал саммитдан кейин гапира бошлашган. Ихтирочи қиз ушбу анжуманда ўзининг ихтироси – ёмғир сувидан электр энергия ишлаб чиқаришга имкон берувчи Rainenergy қурилмасини тақдим қилган.

Қурилма 4 та асосий қисмдан иборат: ёмғир сувини тўпловчи коллектор, резервуар, электр генератор ва аккумулятор батареяси. Коллектор резервуарни ёмғир суви билан тўлғазади, сўнгра сув катта тезликда генератордан ўтиб, электр энергия ишлаб чиқаради. Ҳосил бўлган энергия аккумуляторда тўпланади.

Саммитда Райҳоннинг ихтироси муссон ёмғирлари ёғувчи экваториал полоса аҳолиси учун электр узатиш линияларига юкламани камайтирган ҳолда, муқобил энергия манбаси бўлиши мумкинлиги тан олинган. Ҳозирда ўқувчи қиз томонидан яратилган қурилмани саноат кўламида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкони кўриб чиқилмоқда. 

Райҳоннинг ўзи эса астрофизик бўлишни ва Нобель мукофоти олишни исташини айтган.

Top