Озарбойжон пойтахтида кенг кўламли реставрация ишлари якунланган “Бухоро карвонсаройи”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлат аҳамиятига эга бўлган XV аср ёдгорлиги Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг топшириғи ва “Icherishаhаr” давлат тарихий-меъморий қўриқхонаси бошқармаси илтимосига биноан 3,5 йил ичида капитал таъмирланди.
Ўтмишда у Мовароуннаҳр шаҳарларидан келган савдогарлар ва сайёҳлар учун савдо, маданий ва дўстона алоқаларни ривожлантириш маркази бўлиб хизмат қилган.
Янги концепцияга кўра, карвонсарой ҳунармандлар учун замонавий ижод масканига айлантирилди. Мажмуада 18 та хона бўлиб, уларнинг ҳар биридан турли йўналишдаги усталар фойдаланади. Бу ерда тўқувчилик, ҳайкалтарошлик, кўнчилик, рассомлик, гиламдўзлик, миниатюра, бадиий кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.











