Жаҳон | 10:23 / 28.03.2018
8824
2 дақиқада ўқилади

Аргентинада 68 та дельфин ўзини қирғоққа отди

Аргентинада, Чубут вилоятининг шимолидаги Пуэрто-Мадрин порти яқинида 68 та Амазонка дельфини ўзини қирғоққа отди. Бу ҳақда EFE ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Воқеа жойига етиб келган Патагония миллий маркази ходимлари 19 та дельфинни денгизга қайтаришга муваффақ бўлишган. Қолган дельфинлар нобуд бўлган.

Фото: Facebook/@cenpat.conicet

Маълум қилинишича, бу турдаги дельфинлар энг йирик дарё дельфинлари ҳисобланади.

Марказ ходимлари бундай катта сондаги дельфинлар бир вақтда соҳилга отилганларидан ҳайрат билдиришган. Уларнинг айтишича, бундай ҳолат ушбу дельфинлар билан жуда кам учрайди.

Мутахассислар дельфинларнинг бундай йўл тутиши сабабларини ўрганиш мақсадида пляждан уларнинг жасадларини олиб кетишган. Таъкидланишича, дельфинларнинг соҳилга оммавий отилишининг турли сабаблари бўлиши мумкин, мисол учун етакчи дельфиннинг мўлжалдан адашиши ва ҳоказо. Улар соҳилга отилгач, денгизга қайта олмай, бир неча соат ичида нобуд бўладилар.

Фото: Facebook/@cenpat.conicet

Амазонка дельфинлари (бошқача номи боуто) 3 метр узунликкача ўсиши ва оғирлиги 200 кггача етиши мумкин. Бу дельфинлар қолган турдаги дельфинларга нисбатан секинроқ сузадилар, уларнинг максимал сузиш тезлиги соатига 22 кмни ташкил қилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид