Ўзбекистон | 01:03 / 28.03.2018
57164
4 дақиқада ўқилади

"Ким юртдан ёвни қувса, мендурман ўшал!"

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда Озарбойжоннинг Оқдош шаҳрида таваллуд топган. Шоир 1928 йилда Тошкентга келиб, умрининг охирига қадар пойтахтда яшаб, ижод қилган. У бу шаҳарни иккинчи ватани деб билган. Шайхзода «Ўн шеър», «Ундошларим», «Учинчи китоб», «Кураш нечун», «Жанг ва қўшиқ», «Капитан Гастелло», «Кўнгил дейдики…» каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси ва бошқа қатор публицистик асарларни яратди.

Мақсуд Шайхзода 1944 йилда, айни иккинчи жаҳон уруши пайти, кейинчалик бошига кўп ғавғолар (ўзбек халқининг “феодал ўтмишини идеаллаштириш”да айбланиб, ҳибсга олинган) келишига сабабчи бўлган «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмасини нега ёзган эди?

Таниқли адабиётшунос Наим Каримовнинг фикрига кўра, уруш йилларида ҳокимият вакиллари ёзувчиларни ўтмишдаги машҳур саркардалар ҳақида асар ёзишга даъват этишган. Улар бундай асарлар халқ ва армияни ўтмишдаги жасур саркардалардан, халқ қаҳрамонларидан ибрат олишга даъват этиши, уларни бу машҳур шахсларнинг ватанпарварлик фазилатлари руҳида тарбиялаши мумкин деган қарашда бўлишган. Шундай ижодий буюртмани олган Шайхзода ўзбек халқининг жасур фарзандларидан бири Жалолиддин Мангуберди ҳақида саҳна асари ёзишга киришган. Республиканинг ўша пайтлардаги  раҳбари Усмон Юсупов шоирнинг асарини тезроқ якунлаши учун уни юртимизнинг хушманзара максанларидан бири Фарғона вилоятига юборади. “Бошқа ишлар билан хаёлингни бўлма. Халқ сендан Жалолиддин тўғрисидаги асарни интизорлик билан кутмоқда. Водилга бориб, уни тезроқ тугаллаб қайт!” дея раҳбар шоирни руҳлантиради. Шундай қилиб, Мақсуд Шайхзода рафиқаси Сакинахоним билан Фарғонага бориб, олти ой ичида тарихий драмани ёзади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бундай тарихий-қаҳрамонлик асарлари ўша давр тузуми ўйлагандек бўлиб чиқмади. Бу асарлар халқда ўзлигини англаш, миллати билан ғурурланиш руҳини уйғота бошлади. Шундан сўнг гарчи буюртма асосида ёздирилган бўлса-да бундай асарлар муаллифларини, жумладан Мақсуд Шайхзодани ҳам ўтмишни идеаллаштиришда айблаб қамоққа олишди...

...Буни қарангки, одамлар қалбида ватанпарварлик туйғусини жўш урдирувчи, қаҳрамонлик руҳидаги бу асар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Орадан кўп йиллар ўтса ҳам Шайхзода домла асарлари ўз куч-қудратини намоён этиб келмоқда. Яқинда  шоир Ботир Эргашевнинг айнан "Жалолиддин Мангуберди" драмасидаги "Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал, Ким юртдан ёвни қувса, мендирман ўшал" мисрасидан илҳомланиб ёзган шеъри Озодбек Назарбеков томонидан маромига етказиб куйланиши  ва бу қўшиқ халқимиз кўнглидан чуқур ўрин эгаллагани бунга ёрқин мисол.

Асарда султон Жалолиддиннинг охирги сўзи сифатида қуйидаги сатрлар келтирилади:

 Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,
Юрт шайдоси кўринмас ғурбатда – гўрда.
Ким юртдан ёвни қувса, мендурман ўшал!
Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал

Мавзуга оид