Жамият | 23:57 / 03.04.2018
105679
8 дақиқада ўқилади

Журналистлар ўзбек-афғон чегарасида: Биринчи кун 

Шу йилнинг 30-31 март кунлари Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад, Ўзбекистон сарҳадларини қўриқлаш, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикни таъминлашда чегарачилар хизмати қанчалик салмоқли экани, қолаверса журналистларни чегарани қўриқлашдаги ўзига хосликлардан хабардор этиш эди. Ушбу саёҳатда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этиб, чегарани қўриқлаш қанчалик масъулиятли, шу билан бирга, машаққатли вазифа эканига ишонч ҳосил қилди. 

18 кишидан иборат журналистлар гуруҳи 30 март куни Тошкент вилоятидаги Ғишткўприк чегара маскани фаолияти билан танишгач, Чирчиқ ҳарбий аэродромидан Испанияда Airbus компанияси томонидан ишлаб чиқилган CASA C-295 MW русумли ҳарбий самолётида Ўзбекистоннинг энг жанубий шаҳри – Термиз томон парвоз қилдик. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Ҳарбий самолётда илк бор парвоз қилаётганимиз, айтиш мумкинки, барча журналистлар учун қизиқ ва мароқли бўлди. Қолаверса, чегарачилар либосида эканимиз, бизга ўзига хослик тақдим этганига қарамай, юмшоқ ўриндиқларда ўтириб ўрганганимиз туфайлидир, атиги 1,5 соатлик парвоз сўнггида қандайдир чарчоқ сезила бошлади. Термиз аэропортига эсон-омон қўниб, ҳарбий самолётни тарк этарканмиз, жанубнинг иссиқ ҳавоси димоғимизга урилди.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Термиз ҳарорати юқори экани бирдан сезилди. Автобусда Ўзбекистондаги энг кекса – 9221 “U” ҳарбий қисми томон кетарканмиз, Сурхон юрти марказида ҳаёт қайнаб ётганига шоҳид бўлдик. Ҳамма ўз иши билан банд. Менинг эътиборимни тортган жиҳати шу бўлдики, чегарадош шаҳар бўлгани учундир, ҳарбий либосли кишилар тез-тез кўзга ташланади. Алоҳида қайд этиш жоиз, ҳаммаси ҳарбийларга хос аниқлик билан, режадагидек бўлмоқда, қўлимиздаги қоғозда қайд қилинган вақтдан четга чиқилгани йўқ.

Ниҳоят, биз кўзлаган манзил. У Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳининг шундоққина ён тарафида жойлашган. Келишимиз билан хоналаримиз кўрсатилди ва 30 дақиқа бироз тин олиш учун рухсат берилди. Шу билан бир кунлик чегарачидек муқаддас бурчимизга старт берилди. Албатта, аввал хавфсизлик талаблари тушунтирилди. Нақ 16 кг келадиган зирҳли нимча, темир каскани илк бор кийиб кўрдик. Шундан сўнг, қўмондонлик раҳбарияти ва чегарачилар ҳамроҳлигида ўзбек-афғон чегараси томон йўл олдик. 156 километрдан сал ортиқроқ чегара ўта жиддийлик, зийраклик ва сергаклик билан қўриқланади. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Ана, яна бир неча ўн метрлардан сўнг, азим Амударё соҳиллари. Ўз даврида Жайҳун деб номланган серсув дарёни мўғуллар босқинига қарши курашган Жалолиддин Мангуберди ва буюк саркарда Амир Темур неча бор кечиб ўтган. Дарёнинг қоқ ўртасида қадимги Термиз харобалари қаршисида, Амударёнинг қоқ ўртасида майдони тахминан тўрт минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги саккиз, эни беш- олти километр бўлган орол жойлашган. У «Пайғамбар ороли» деб номланиб, ЮНЕСКОнинг табиат ёдгорликлари рўйхатига киритилган. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Кутилмаганда, икки киши Ўзбекистон томондан чегарани бузиб ўта бошлади. Чегара қўшинлари қўмондонлиги чегарани бузиб ўтиш, жиноятчиларни ушлаш жараёни қандай бўлишига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлишимиз учун махсус машғулот ўтказишни режалаштирган экан. Албатта, бу чегара бузилиши қасддан амалга оширилганига қарамай, чегарачилар ҳарбий Низом доирасида иш тутишларига мажбур. Уларга машғулот экани, табиийки, айтилмайди. Шунга биноан, чегарачилар ўз вазифаларини бажаришлари талаб этилади. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Чегара бузилишидан саноқли дақиқалар ўтгач, дастлаб дарёда хатар ишорасини ёққан ҳолда моторли қайиқ пайдо бўлди. Сўнгра чегарачилар кемаси бузғунчиларнинг дарёга яқинлашишининг олдини ола бошлади. Бир неча дақиқада чегарани бузиб ўтганлар қуруқлик ва дарё орқали тўлиқ қуршаб олинди. Албатта, чегарачилар чегара бузилган жойга яқинлашгандагина машғулот ўтказилаётганини англаганлари аниқ. Аммо ўқув машғулоти ҳар доим ҳам ўтказилмайди ва унинг машғулот экани ҳеч қачон айтилмайди.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Низом бўйича, шу каби чегара бузилиш ҳолатлари рўй берган тақдирда, чегарачилар воқеа жойига чиқишлари, ҳолатни ўрганишлари, чегарани ёввойи ёки уй ҳайвони бузганми ёки инсон омили чегара бузилиши ишораси ишга тушишига сабаб бўлганми, шуни аниқлашлари шарт. 

Биз режа бўйича катерларга ўтириб, Пайғамбар оролига ўтаётганимизда шартнома асосида чегарачилик қилаётган наманганлик юртдошимиз билан мулоқотда бўлдик. 

-  Бояги чегара бузилиши машғулот эканини сездингизми, деб саволга тутаман чегарачи ҳамроҳимни.
-  Бизга ҳеч қачон бугун машғулот ўтказилади, эртага одатдагидек хизматни давом эттирасизлар, деган гап-сўзлар бўлмайди. Биз ахир республиканинг энг қалтис чегарасини қўриқлаймиз, - дейди чегарачи. 

У 10 йилдан буён шартнома асосида шу ерда хизмат қилаётгани, оиласи ҳам у билан биргалиги, шароити яхши эканини таъкидлади.  

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

 

Журналистлар ва операторлар чегара қўшинлари қўмондонлигининг юқори лавозимли мулозимлари ҳамроҳлигида Пайғамбар оролига тушдик. Соҳилдан бир неча юз метр ичкарида ҳарбий қисмнинг бўлинмаси жойлашган. Қўмондонлик вакилининг айтишича, мабодо Афғонистон ҳудудидан ғаламислар Ўзбекистонга шу ҳудуд орқали ўтишга уринишса, қишнинг аёзли тунлари, қаҳратон кунлари, ёзнинг жазирама кунларига қарамай, ушбу оролда хизмат вазифаси ва бурчини сидқидилдан бажараётганлар қаршилик кўрсатади. Орол бўйлаб бир километрча юрганимиздан кейин ортга, ҳарбий қисмга қайтдик. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Эрталабки Ғишткўприк чегара масканига сафаримиздан бошланган саёҳатимизнинг биринчи куни тугади, ҳарбий қисмда овқатланиб, дам оламиз, деб ўйлаганим хато экани бироздан сўнг ойдинлашди. Ювинишга ажратилган вақтдан кейин нарядга сафландик. Барчанинг қиладиган ишлари белгилаб берилди. Нарядда турар эканман, ҳарбийлик, хусусан халқ ва давлат ишончини оқлаётган чегарачилар хизмати нақадар салмоқли ҳамда машаққатли эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Тонгги соат 4 да уйқудан туриб, чегара линияси бўйлаб назорат ўтказадиган бўлдик.

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги иккинчи кунимиздан олган таассуротларим билан кейинги мақолада ўртоқлашаман. 

Ушбу лавҳани тайёрлашда Xabar.uz фотомухбири Фаррух Алиев видеоматериалларидан​ фойдаланилди

 

Мавзуга оид